Жаҳон | 11:08 / 10.12.2024
4131
2 дақиқада ўқилади

2015 йилдан бери Сурияда 540 нафардан ортиқ Россия ҳарбийси ҳалок бўлди

Ҳалок бўлганлар орасида махсус кучларнинг нуфузли бўлинмалари, жумладан «Альфа» офицерлари ва оддий аскарлари, Махсус операциялар кучлари, ГРУ махсус бўлинмалари ва ҳаво-десант кучлари, шунингдек, 20 дан ортиқ ҳарбий учувчилар ва штурманлар бор, деб хабар берди BBC рус хизмати.

Фото: DELIL SOULEIMAN/AFP via Getty Images

9 декабр, душанба куни чоп этилган BBC рус хизмати тадқиқотига кўра, Россиянинг 2015 йилда бошланган Суриядаги операцияси давомида камида 543 нафар россиялик ҳарбий ва «Вагнер» ёлланма аскари ҳалок бўлган.

Журналистлар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги нашрлар, шунингдек, қабристонлар ва уруш ёдгорликлари маълумотлари ёрдамида ҳалок бўлган россиялик ҳарбий хизматчиларнинг исмларини аниқлашга муваффақ бўлди. Сурияда жанг қилган 346 нафар «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарининг ўлими 2016 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда сизиб чиқиш натижасида пайдо бўлган очиқ манбалар ва компаниянинг ички ҳужжатлари туфайли тасдиқланди, дейилади материалда.

Ҳалок бўлганлар рўйхатида - «Альфа» ва ГРУ офицерлари

Ҳалок бўлганлар орасида махсус кучларнинг нуфузли бўлинмалари, жумладан «Альфа» офицерлари ва оддий аскарлари, Махсус операциялар кучлари, ГРУ махсус бўлинмалари ва ҳаво-десант кучлари, шунингдек, 20 дан ортиқ ҳарбий учувчилар ва штурманлар бор. Ҳаммаси бўлиб, рўйхатга бир генерал-майор, 10 полковник, 15 подполковник, 31 майор ва яна 61 нафар лейтенантдан капитан даражасигача бўлган офицерлар киритилган.

Нашрнинг таъкидлашича, Россия томонининг реал йўқотишлари кўпроқ бўлиши мумкин. Россия Мудофаа вазирлигининг Сурияда 116 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани ҳақидаги сўнгги расмий баёноти 2019 йил баҳорига тўғри келади. Россия Федерациясидаги манбалар Суриядаги жангларда россиялик махсус кучлар аскарларининг ҳалок бўлгани ҳақида сўнгги марта ноябр ойи охирида, ҳукуматга қарши кучларнинг ҳозир қулаган Башар Асад режими томонидан назорат қилинадиган позицияларга ҳужуми бошланганидан сўнг хабар беришган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид