Ўзбекистон | 15:11 / 10.12.2024
748
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Словенияда дипломатик мавжудлиги мустаҳкамланади

Тошкентда Ўзбекистон-Словения сиёсий маслаҳатлашувларининг 3-давраси бўлиб ўтди.

Фото: ТИВ

Словения делегациясига Ташқи ва Европа ишлари вазирлиги Давлат котиби Марко Штуцин бошчилик қилди

Ўзбекистон билан Словения ўртасидаги ҳар томонлама, жумладан, халқаро ташкилотлар доирасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки томонлама сиёсий мулоқотни, жумладан, юқори даражада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистоннинг Словенияда ва Словениянинг Ўзбекистонда дипломатик мавжудлигини мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини 2025 йилда Любляна шаҳрида ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Шу йилнинг 21 июн куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Словениянинг мамлакатга янги тайинланган элчиси Даря Бавдаж Куретнинг (қароргоҳи Москва шаҳрида) ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олган эди. Жорий йил октябр ойи охирида эса Ўзбекистоннинг биринчи элчиси Ойбек Шахавдинов (қароргоҳи Будапешт шаҳрида) Словения Ташқи ва Европа ишлари вазирлигига ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид