Жаҳон | 17:35 / 10.12.2024
2691
3 дақиқада ўқилади

Путин Словенияда жосусликда айбланиб судланган эр-хотинни яширинча «Жасорат» ордени билан мукофотлагани маълум бўлди

Август ойида маҳбуслар алмашинуви доирасида Россияга қайтарилган Анна ва Артём Дулцевалар «Жасорат» ордени билан мукофотлангани Ташқи разведка хизматининг сайтида эълон қилиб бориладиган журнал орқали ошкор бўлди.

Фото: kremlin.ru

РФ президенти Владимир Путин Словенияда жосусликда айбланиб судланган ҳамда маҳбуслар алмашинуви доирасида Россияга қайтган Анна ва Артём Дулцеваларни «Жасорат» ордени билан мукофотлади. Бу ҳақда Россия Ташқи разведка хизмати сайтида эълон қилиб бориладиган «Разведчик» журналининг декабр ойидаги сонида сўз боради. Мақолага «Агентство» эътибор қаратган.

Дулцевалар мукофотлангани тўғрисида расман эълон қилинмаган. Журналда Дулцевалар билан интервю, шунингдек, уларнинг биографияси ҳақида маълумот келтирилган ва унда «Жасорат» ордени ҳақида сўз боради.

«Агентство» Дулцеваларни мукофотлаш тўғрисидаги Путин қарорини топа олмаганини ёзмоқда.

Мақолада айтилишича, 2009 йили Дулцеваларга разведкага хизмат қилиш «таклифи келиб тушади», шундан кейин улар уч йил давомида махсус тайёргарликдан ўтади. Улар 2012 йилдан бошлаб чет эл давлатларида яшаб келган.

Интервюда улар иккиси ҳам разведкачи бўлган пайтда, Нижний Новгородда танишиб қолганини айтган. «Жиддий айтадиган бўлсак, бизнинг терроризмга қарши қўшма вазифамиз бор эди. Вазифа тахминан бир ҳафталик бўлганди», — дейди Анна Дулцева.

Кейинги режалар ҳақидаги саволга Артём Дулцев қуйидагича жавоб қайтарган: «Ҳозир энг муҳими — болаларнинг мослашишига ва тил ўрганишига ёрдам бериш. Шунингдек, уларга ажойиб юртимизни кўрсатмоқчимиз. Кейин, албатта, хизматни давом эттиришга тайёрмиз, биз ҳали жуда кўп иш қилишни хоҳлаймиз».

Словенияда жосуслик учун судланган Анна ва Артём Дулцевалар 1 август куни РФ ҳамда ғарб давлатларининг маҳбуслар алмашинуви доирасида Россияга қайтган эди. Уларнинг икки нафар фарзанди бор — тўққиз ёшли ўғли ва 12 ёшли қизи. Словенияда Дулцевалар Аргентина ҳужжатлари остида тўқиб чиқилган афсона асосида яшаб келган. Мамлакат махсус хизматларининг тахминича, эр-хотин узоқ вақт «уйқудаги агент» бўлган ва 2022 йилда — Европа давлатлари жосусликда гумонланган россияликларни оммавий равишда чиқариб юборишни бошлаган.

Асрор Абдуназаров
Тайёрлаган Асрор Абдуназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид