Ўзбекистон | 14:33 / 11.12.2024
558
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Покистон тўқимачилик уюшмаси филиали очилади

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев покистонлик таниқли тадбиркор – Ejaz Group ва Lake city компаниялари раҳбари Гоҳар Эжаз билан учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Учрашувда, шунингдек, Hilton Pharma, Fatima Group, Sheikhpura textile mills компаниялари ва Askari bank банки раҳбарлари ҳам иштирок этишди.

Музокаралар чоғида мамлакатнинг тўқимачилик, фармацевтика, кўчмас мулк, банк-молия ва қурилиш соҳаларига Покистон инвесторларини жалб қилиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Гоҳар Эжаз Ўзбекистон президентининг минтақавий боғлиқликни қайта тиклаш, иқтисодий интеграция жараёнларини жадаллаштириш, умумий фаровонликка эришиш борасидаги стратегик ташаббусларининг тўлиқ тарафдори эканлигини эътироф этди.

Давлатлар ўртасида ўзаро савдо ҳажмларини янада оширишга қаратилган чоралар, жумладан, транспорт-логистика ва банк соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар хусусида фикр алмашилди.

Покистонлик тадбиркор икки томонлама инвестицион ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун ўзаро манфаатли соҳаларда фаолият юритувчи йирик бизнес вакиллари орасида бевосита мулоқот платформасини яратишни таклиф этди. Шу мақсадда келгуси йилнинг биринчи чорагида 10 нафар йирик ишбилармонлардан иборат делегациясининг Ўзбекистонга сафари уюштирилиши билдирилди.

Бундан ташқари, 2025 йилда Ўзбекистонда "Умумпокистон тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар уюшмаси" (APTMA) филиали очилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид