Жаҳон | 11:15 / 18.12.2024
2515
2 дақиқада ўқилади

Анапада соҳилдаги нефт маҳсулотлари туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилди

Анапа қирғоқларида 267 нафар фавқулодда хизматлар ходими ишламоқда, танкер ҳалокатидан кейин нефт тўкилиши оқибатларини бартараф этишга 50 бирлик техника жалб этилган, деди Краснодар ўлкаси губернатори.

Фото: Telegram / anapaofficial

Россиянинг Қора денгиз соҳилидаги Анапа шаҳрида 15 декабр куни Қрим қирғоқлари яқинида икки танкернинг ҳалокатга учраши оқибатида қирғоқ чизиғига нефт маҳсулотлари чиқиши муносабати билан фавқулодда ҳолат жорий этилди. Бу ҳақда 17 декабр, сешанба куни Анапа мэрияси Telegramʼда маълум қилди.

«Губернаторнинг топшириғига кўра, воқеа жойига тезкор штаб жойлаштирилди, оқибатларини бартараф этиш бўйича операция ўтказилмоқда, қутқарув хизматлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кучлари, казаклар ва кўнгиллилар жалб қилинди», — дейилади ушбу постда.

Ўз навбатида, Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратевнинг Telegramʼда маълум қилишича, воқеа жойида оператив хизматлардан 267 киши ишламоқда, 50 та техника жалб қилинган.

Учинчи танкердан фавқулодда сигнал

Айни пайтда, 17 декабр куни, айрим ОАВ хабарларига кўра, учинчи танкер Қора денгизда Кавказ порти яқинида авария сигналини юборган. «Танкердан фалокат сигнали юборилди», — дея хабар беради ТАСС агентлигининг Денгиз қутқарув хизматидаги суҳбатдоши.

Аниқлик киритилишича, ҳалокат сигналини юборган танкер корпусига зарар етмаган: «Волгонефть 109» кемаси капитани берган маълумотларга кўра, кеманинг юк танки зарар кўрган. Корпуснинг ўзига шикаст етмаган — денгизга сизиб чиқиш кузатилмаган».

«Меркурий» денгиз қутқарув хизмати қутқарув кемаси ҳамроҳлигида «Волгонефть 109» кемаси хавфсиз тўхташни амалга оширилди. «Меркурий» буни таъминлаш учун яқин жойда жойлашган», — дейилади ТАСС хабарида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид