Иқтисодиёт | 13:33 / 18.12.2024
1310
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон савдони осонлаштириш бўйича миллий "йўл харитаси"ни имзолади

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа иқтисодий комиссияси сайтидаги "Ўзбекистон БМТ ЕИК кўмагида савдони осонлаштириш бўйича миллий "йўл харитаси"ни имзолади" сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Фото: X / UNECE

Нашрда таъкидланишича, БМТ ЕИК ижрочи котиби Татяна Молчан ва Ўзбекистон президентининг Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бўйича махсус вакили ва бош музокарачи Азизбек Урунов келгуси беш йил ичида мамлакатда савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва мамлакатнинг 2026 йилга режалаштирилган ЖСТга киришини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ислоҳотлар учун стратегик асос бўлиб хизмат қиладиган Ўзбекистон савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича миллий "йўл харитаси"ни имзоладилар.

"Йўл харита"си БМТ ЕИК методологиясидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё иқтисодиётлари бўйича махсус дастури (СПЕКА), хусусан, СПЕКА савдога кўмаклашиш стратегияси ва СПЕКА Барқарор савдо тамойиллари умумий стратегиясига мос келади.

"Бу Ўзбекистонни жаҳон иқтисодиётига интеграция қилиш ва ундан фойда олиш учун қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир. Тартибга солувчи ва процессуал тўсиқларни камайтириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини ривожлантириш ва кенгайтиришдан тортиб, инфратузилмани яхшилаш ва барқарорлигини таъминлаш учун самарали давлат-хусусий шерикликни қўллаб-қувватлашгача", – дея БМТ ЕИК ижрочи котиби сўзларидан иқтибос келтирилган нашрда.

Қайд этилишича, миллий "йўл харитаси"да Ўзбекистон экспортни кўпайтириш ва юқори қўшимча қийматга эга бўлган бозорларга чиқишни яхшилаш учун ушбу жиҳатларни жадаллаштириш бўйича ўз қарашларини учта асосий мақсад билан белгилаб беради.

"Улар савдони осонлаштириш бўйича хизматларини ўзгартириш ва ЖСТнинг Савдони осонлаштириш тўғрисидаги битимида кўзда тутилган савдони осонлаштириш бўйича чора-тадбирларни тўлиқ амалга оширишга эришиш, асосий товарлар экспорти ва импорти учун рақамли ҳужжатлар ва маълумотлар алмашинувини тўлиқ амалга ошириш, ҳамда Жаҳон банкининг логистика самарадорлиги индексида Ўзбекистонни етакчи 50 давлат қаторига киритишдир", – дейилган мақолада.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид