Жаҳон | 19:37 / 19.12.2024
3613
2 дақиқада ўқилади

Хитой сунъий оролда дунёдаги энг йирик аэропортлардан бирини қуради

Хитой Далян шаҳри шимоли-шарқида жойлашган сунъий оролда дунёдаги энг йирик аэропортлардан бирини қуришини маълум қилди. Ушбу мегалойиҳа қиймати 4,3 миллиард долларни ташкил этади.

Фото: Weibo

Хитой Далян шаҳри шимоли-шарқида жойлашган сунъий оролда дунёдаги энг йирик аэропортлардан бирини қуришини маълум қилди. Ушбу мегалойиҳа қиймати 4,3 миллиард долларни ташкил этиб, Хитой материгида жойлашган бу турдаги биринчи аэропортга айланади ва минтақанинг туристик ҳамда иқтисодий аҳамиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Далян Цзинчжоуван номли янги халқаро аэропорт 20 километр квадрат майдонни эгаллайди, бу эса уни Ҳонконг (12,48 км кв.) ва Япониянинг Кансае (10,5 км кв.) орол-аэропортларидан сезиларли даражада катта бўлишини англатади.

Таъкидланишича, аэропорт тўртта учиш-қўниш йўлагига ва 900 минг метр квадратли замонавий терминал майдонига эга бўлади. Аввалига аэропорт йилига 43 миллион йўловчини қабул қилса, истиқболда унинг ўтказувчанлик қобилияти икки баробарга ошади ва йилига 80 миллион кишига хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, объект ҳар йили 1 миллион тонна юкнинг қайта ишланишини таъминлайди.

Бохай бўғозидаги яриморолда жойлашган Далян Хитойнинг 6 миллиондан зиёд аҳолига эга муҳим иқтисодий ва логистик маркази ҳисобланади. Янги аэропорт шаҳарлар ва халқаро бозорлар ўртасидаги транспорт алоқаларини кучайтиришга ёрдам беради.

Далян географик жиҳатдан қулай ҳудудда жойлашган: шаҳар Япония ва Жанубий Корея билан фаол ҳамкорлик қилиб келади, унинг нефтни қайта ишлаш саноати ҳамда порт логистикаси эса замонавий инфратузилмавий ечимларни талаб этади.

Мутахассисларнинг баҳолашича, Хитойда 19,6 миллиард долларлик 22 та янги аэропорт қурилмоқда. Аммо Далян лойиҳаси ўзининг катталиги ва минтақа учун аҳамияти билан ажралиб туради. Мазкур ҳаво бандаргоҳининг фойдаланишга топширилиши 2035 йилга бориб шаҳарнинг иқтисодий ривожланишига муҳим туртки беради.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид