Жаҳон | 17:41 / 21.12.2024
4007
2 дақиқада ўқилади

Словакия бош вазири Путин билан газ транзитини муҳокама қилиш учун Россияга боради

Сербия президенти Александр Вучич Словакия бош вазири Роберт Фицо газ транзити масаласини муҳокама қилиш учун Владимир Путин билан учрашиш ниятида эканини маълум қилди. Украина 1 январдан Россия гази ва нефтини Европа давлатларида транзит қилишни тўхтатиш ниятида.

Фото: AFP

Сербия президенти Александр Вучич Словакия бош вазири Роберт Фицо 23 декабр куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашув ўтказиш ниятида эканини маълум қилди. Бу ҳақда Вучич 20 декабр куни Нарру телеканали эфирида айтиб ўтган.

Вучичнинг сўзларига кўра, Фицо Путин билан Украина 2025 йил 1 январдан Европага газ транзитидан воз кечиш ниятида эканини муҳокама қилмоқчи.

«Мендаги норасмий маълумотларга кўра, мен «норасмий» дедимми, бу аниқ — Фицо ЕИ мамлакатининг етакчиси сифатида Путиннинг ёнига боради, бунга Европанинг бошқа давлатлари етакчилари қандай муносабатда бўлишини айтиб ўтириш шарт эмас», — дейди Вучич.

Словакия ҳукумати мазкур маълумотларни тасдиқламади. Кремл ҳам ҳозирча бунга изоҳ бермади.

Украина олдинроқ 2025 йил 1 январдан Европага Россиянинг нефт ва гази транзитини тўхтатишидан огоҳлантирган эди. Шу билан бирга, Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк мамлакат бошқа давлатлардан транзитни амалга оширишга тайёрлигини билдирган. Ўз навбатида Словакия бош вазири Роберт Фицо Украинанинг газ транзитидан воз кечиши Словакияни инқирозга олиб боришини таъкидлаган.

Шу йил охирида Россиянинг «Газпром» концерни ва Украинанинг «Нафтогаз» давлат компанияси ўртасидаги Россия Федерациясидан Украина орқали Марказий Европага газ транзити бўйича шартнома муддати тугайди. Россия газининг Украина орқали транзитини тўхтатиш Словакия, Чехия, Венгрия ва Австрия каби давлатлар учун муаммо туғдириши мумкин, чунки улар ушбу таъминотга қаттиқ қарам бўлиб қолмоқда.

Словакия иқтисодиёт вазири Дениса Сакованинг сўзларига кўра, Европа давлатлари ва корхоналарининг Украина орқали транзит билан келиши керак бўлган Россия газига бўлган умумий эҳтиёжи 2025 йилда тахминан 15 миллиард куб метрни ташкил қилади.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид