Жаҳон | 15:31 / 27.12.2024
2252
2 дақиқада ўқилади

Япония РФ активлари ҳисобидан Украинага 3 млрд доллар беради

Токио G7 ташаббуси доирасида Украинага кўп миллиард долларлик ёрдам беради. Зеленский Япония ҳукумати ва халқига миннатдорчилик билдирди.

Фото: www.president.gov.ua

Япония ҳукумати Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромад ҳисобидан Киевга яна 3 миллиард доллар ўтказади. Бу ҳақда 25 декабр, чоршанба куни Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Япония бош вазири Шигеру Ишиба билан телефон суҳбатидан сўнг маълум қилди. Бир ой олдин Токио G7 мамлакатлари ташаббуси доирасида Украинага худди шундай миқдорни ажратган эди: у Киевга Россия активлари гарови билан умумий қиймати 50 миллиард доллар миқдорида кредит беришни назарда тутади.

Зеленский Шигеру билан суҳбатда Япония ҳукумати ва халқига «минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини берувчи умумий қиймати 12 миллиард долларлик йирик гуманитар ва молиявий ёрдам учун» миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у Япония бош вазирига 25 декабрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина энергетика инфратузилмасини оммавий равишда ўққа тутгани ҳақида гапирди.

Япония Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошидан бери Киевга молиявий, гуманитар ва ноҳарбий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Киев РФнинг музлатилган активларидан миллиард доллар олди

Украина Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромад эвазига АҚШдан миллиард доллар олди, деди 24 декабр куни бош вазир Денис Шмигал ўзининг Telegram-каналида. «Бу АҚШ G7 ташаббуси доирасида блокланган Россия активларидан фойдаланиш орқали ажратишга тайёр бўлган режалаштирилган 20 миллиард долларнинг биринчи траншидир», деб тушунтирди у.

Шмигал Қўшма Штатлар ва Жаҳон банкига «адолат сари муҳим қадам» учун миннатдорчилик билдирди. «Биз Россиянинг барча суверен активлари мусодара қилинишини ва Украинани тиклаш учун ишлатилишини кутамиз», — дея қўшимча қилди украиналик сиёсатчи.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид