Жаҳон | 15:54 / 28.12.2024
2341
3 дақиқада ўқилади

Норвегия РФ экипажига ёрдам беришдан бош тортгани ҳақидаги айбловни рад этди

Норвегия кемаси Россиянинг "Урса Майор" экипажига ёрдамга келди ва қутқарув кемасини кутиб, махсус арқонни борт ён томонига маҳкамлаб қўйган.

Фото: Yoruk Isik/REUTERS

Россия томони «Урса Майор» юк ташувчиси экипажини бортга қабул қилишдан бош тортганликда айблаган Норвегия байроғи остидаги Oslo Carrier 3 кемаси аслида қутқарув кемасининг етиб келишини кутаётган вақтда экипажга ёрдам кўрсатган. Бу ҳақда Норвегия кемасининг эгаси - Bulkship Management 27 декабр, жума куни маълум қилди.

Компаниянинг тушунтиришича, қутқарув операцияси Ўрта Ер денгизининг ушбу ҳудудида бундай операциялар учун масъул бўлган Картагенадаги денгизда қутқарувни мувофиқлаштириш маркази (MRCC) томонидан амалга оширилган. «MRCC капитанга ҳалокатга учраган кемадан экипажни бортга қабул қилмасликни буюрди, чунки уларнинг қутқарув қайиғи воқеа жойига кетаётган эди. Айни пайтда, қутқарув қайиғи етиб келгунига қадар қутқарув арқони бизнинг кемамиз ёрдамида мустаҳкамлаб қўйилган эди», — дея тушунтирди компания.

«Об-ҳаво яхши эди, қутқарув қайиғи экипажи аъзоларидан ҳеч бири жабрланмади ва улар учун ҳеч қандай хавф йўқ», — дея таъкидлаган компания операция фотосуратларини илова қилган ҳолда.

«Оборонлогистика»: «Урса Майор» теракт туфайли чўкиб кетди

23 декабр куни Ўрта Ер денгизида чўкиб кетган Россиянинг «Урса Майор» (Ursa Major) савдо кемасида «мақсадли террористик ҳужум» уюштирилди, деб хабар бермоқда 25 декабр куни Россия ОАВ кема эгаси «Оборонлогистика» компаниялар гуруҳига таяниб.

Компания экипаж аъзоларининг кўрсатмаларига таянган, ундан келиб чиқадики, 23 декабр куни Москва вақти билан соат 13.50 да «ўнг орқа томондан кетма-кет учта портлаш содир бўлди», шундан сўнг кема «кескин чайқалди, бу кемага сув кирганини кўрсатади».

«Оборонлогистика» кеманинг ортиқча юкланмаганини алоҳида таъкидлади. «Урса Майор» кемаси 806 тонна юк билан Санкт-Петербургдан Владивостокка сузиб кетаётган эди. Бортда иккита портал крани, иккита кран махсус мосламаси, иккита кемаларда қўлланадиган қопқоқ, қопқоқлар учун ускуналар билан жиҳозланган 20 футлик контейнер ва 129 та бўш контейнер бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид