Жаҳон | 19:24 / 31.12.2024
2782
2 дақиқада ўқилади

Туркия Сурияни электр энергияси билан таъминлашга ваъда берди

Суриядаги электр станциялари қуввати икки баробардан ортиққа тушиб кетган. Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарсон Байрактар ҳозирда сурияликлар асосан генераторлардан фойдаланаётганини маълум қилди.

Foto: Depositphotos

Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарсон Байрактар Сурияда электр энергияси ва энергетика хизматлари Туркия орқали таъминланадиган вилоятлар борлигини маълум қилди. Хусусан, булар Идлиб ва ​​Африн каби Туркия операциялари назорати остидаги ҳудудлардир.

Байрактарнинг таъкидлашича, Туркия жамоаси Сурия энергетика инфратузилмасини баҳолаш учун аллақачон Дамашқда иш бошлаб юборган.

Урушга қадар мамлакатдаги электр станцияларнинг жами қуввати 8500 МВт ни ташкил этган, аммо ҳозирда уларнинг 3500 МВт қисми сақланиб қолган. Аҳолининг асосий қисми электр энергияси билан таъминловчи генераторлардан фойдаланиб келади.

Шунингдек, Сурия ва Ливан энергетика талабини қоплаш учун Туркиядан электр энергиясини экспорт қилиш имконияти ҳам муҳокама қилинмоқда. Вазирнинг сўзларига кўра, ушбу чора-тадбирлар суриялик қочқинларнинг ватанига қайтиши учун шароитларни яхшилашга хизмат қилади.

Аввалроқ Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Суриянинг қайта тикланишига ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамият ундан санкцияларни олиб ташлаши кераклигини маълум қилганди. «Олдинги режимга қарши жорий этилган санкцияларни имкон қадар тезроқ олиб ташланши керак», — деган Фидан Суриянинг янги раҳбари Аҳмад ал-Шаръа билан ўтказилган матбуот анжуманида.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид