Жаҳон | 23:06 / 02.01.2025
5158
2 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Европада газ нархи 2023 йил октябрдан бери максимумга чиқди

Европада газ нархи минг метр куб учун 540 долларгача кўтарилди. Нахрлар ошишига Норвегиядаги суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқарувчи завод фаолияти тўхтаб қолгани ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Фото: AP

Европада газ нархи минг метр куб учун 540 долларга чиқиб, 2023 йил октябр ойидан бери энг юқори даражага кўтарилди, деб ёзмоқда Bloomberg.

Агентликнинг қайд этишича, ёқилғи нархи Россия газининг Украина орқали Европага етказиб берилиши тўхтатилгани фонида қимматлашган. Бундан ташқари, Норвегиянинг Хаммерфест шаҳридаги суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқариш заводи фаолияти тўхтатилгани ҳам нархлар ошишига таъсир кўрсатган. У компрессорнинг ишдан чиқиши туфайли 9 декабрда фаолиятини тўхтатганди.

Россиянинг «Газпром» компанияси 2025 йил 1 январ куни Украина орқали Европага газ етказиб беришни тўхтатганини эълон қилди. Украина ҳукумати томонидан 2023 йил охирида эълон қилинган маълумотларга кўра, Россия газининг мамлакат бўйлаб қувурлар орқали Европага етказилаётган ҳажми 2022 йилга нисбатан 28 фоизга камайиб, 15 миллиард куб метрни ташкил қилган. Украина бу шартномадан йилига тахминан 1 миллиард доллар, «Газпром» эса йилига 3 миллиард доллардан ортиқ даромад олаётган эди.

Аввалроқ Словакия ва Австрия каби Россия газининг асосий истеъмолчилари муқобил газ манбалари бўйича келишиб олгани тўғрисида хабар берилганди. Шу билан бирга, Украина орқали таъминотнинг тўхтатилиши Молдова учун жиддий зарба бўлди. Таҳлилчиларга кўра, Украина орқали газ транзитини тўхтатиш бозорга минимал таъсир кўрсатади.

Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг, Европа Иттифоқи давлатлари Россия газига қарамликни камайтиришга киришган эди. Россия газ бозорларини АҚШ, Норвегия ва Қатар таъминотчиларига бой берди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид