Жаҳон | 11:53 / 03.01.2025
2860
2 дақиқада ўқилади

Ленинград областида мактаб ўқувчилари «нацизм реабилитациясида» гумонланмоқда

Полициянинг даъво қилишича, 10-11 ёшли болалар Кингисеппдаги ёдгорликда Абадий оловни қор билан ўчириб қўйишган. Тергов қўмитаси «нацизм реабилитацияси» бўйича жиноий иш қўзғатди.

Фото: Maksim Konstantinov/Russian Look/picture alliance

Ленинград областида, полиция маълумотларига кўра, 29 декабр куни Кингисеппдаги Абадий оловни қор билан ўчириб қўйган 4-5-синфларнинг уч нафар мактаб ўқувчиси қўлга олинди, деб хабар берди 1 январ, чоршанба куни "Фонтанка" нашри. Унга кўра, мактаб ўқувчилари маҳаллий маъмурият раҳбари ўринбосари мемориал боғдаги ўчирилган олов юзасидан полицияга шикоят қилганидан кейин қўлга олинган. Ёдгорлик 1919 йилда фуқаролар уруши пайтида отиб ташланган қизил армия аскарларига бағишланган. Бундан ташқари, паркда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аскарлар ва офицерлар, шунингдек, концлагер маҳкумларига ёдгорликлар мавжуд.

Тергов қўмитасининг Кингисепп райони бўйича бошқармаси «бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, нацизмни реабилитация қилиш» бўйича жиноий иш қўзғатди, бу беш йилгача қамоқ ёки 5 миллион рублгача жарима билан жазоланади.

Қўлга олинган ўсмирларнинг икки нафари 10 ёшда, учинчиси 11 ёшда. Россияда жиноий жавобгарлик 16 ёшдан бошланади, шунинг учун мактаб ўқувчилари жиноий иш фигуранти бўлолмайди. "Фонтанка" хабарига кўра, улар полиция бўлимида сўроқ қилинганидан кейин ота-оналарига топширилган. Яқин кунларда улар вояга етмаганлар ишлари бўйича инспектор билан учрашув ўтказишади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид