Жаҳон | 23:09 / 06.01.2025
4978
2 дақиқада ўқилади

Tesla’нинг Хитойдаги янги мегафабрикаси ўз фаолиятини бошлади

Megafactory номли ушбу завод рекорд даражада қисқа муддатда қуриб битказилган бўлиб, у Megapack аккумулятор батареяларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Фото: Xinhua

Tesla гигафабрикаси яқинидаги 200 минг метр квадрат майдон саккиз ой ичида Megafactory номли янги улкан заводга айланди.

Tesla автомобиларни йиғишга мўлжалланган заводи қаршисида қад ростлаган ушбу мегафабрика пойдеворини 23 майда қуйган эди. Орадан етти ой ўтгач, 27 декабр куни тест ишлаб чиқариш жараёнлари бошланди. Бу қурилиш тезлиги бўйича нафақат Tesla заводлари орасида, балки Хитойдаги бундай кўламли заводлар ичида ҳам рекорд ўрнатди. Tesla’нинг Шанхайдаги биринчи заводи 2019 йилда қарийб бир йил давомида қурилганди.

Мегафабрика ички бозорда сотиш ва экспорт учун мўлжалланган Megapack аккумулятор батареяларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Tesla сайтига кўра, ҳар бир Megapack сиғими 3 mW·h ни ташкил этади. Янги мегазавод йилига 10 минг дона Megapack ишлаб чиқариши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Tesla компанияси асосчиси Илон Маск гаров ўйнаб, 100 кун ичида Жанубий Австралияда Powerpack буфер батареясини қуриб битказганди. Дастлаб батареянинг қуввати 100 mW·h ни ташкил қилган, бироқ кейинроқ 150 mW·h гача кенгайтирилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид