Жаҳон | 12:25 / 07.01.2025
1442
3 дақиқада ўқилади

Ғарб кабеллар узилишининг олдини олиш учун сунъий интеллектдан фойдаланади

Қўшма экспедиция кучлари Россиянинг «соядаги» флоти кемаларини кузатиш учун сунъий интеллектдан фойдаланади.

Фото: Eero Vabamägi

Буюк Британия бошчилигидаги қўшма экспедиция кучлари (Joint Expeditionary Force, JEF) Болтиқ денгизидаги йирик Estlink2 сувости кабелига зарар етказилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг денгизости инфратузилмасига потенциал таҳдидларни ва Россиянинг соядаги флотини кузатиш учун илғор жавоб тизимини фаоллаштирди. Бу ҳақда 6 январ, душанба куни Британия ҳукумати маълум қилди.

JEF 10 та давлатдан иборат.

Реал вақт режимида мониторинг

Nordic Warden операцияси ўтган ҳафта бошланган эди. Унинг аъзолари сунъий интеллектдан турли манбалардан олинган маълумотларни, жумладан, кемаларни автоматик идентификация қилиш тизими (AIS) ва хавфларни баҳолаш учун фойдаланадилар. JEF ҳаракатлари НАТОнинг саъй-ҳаракатларини кучайтиради.

Россиянинг соядаги флоти бир қисми сифатида аниқланган кемалар JEF аъзоларини қизиқтирган ҳудудларга яқинлашганда уларнинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб бориш учун тизимга киритилган. Агар хавф мавжуд бўлса, тизим реал вақт режимида кузатиб боради ва дарҳол JEF'га аъзо мамлакатларга, шунингдек, НАТО иттифоқчиларига огоҳлантириш юборади.

«Ҳукумат бизнинг иттифоқчиларимиз билан сувости кабеллари каби муҳим миллий инфратузилмани ҳимоя қилиш учун яқиндан ишлаяпти», деди Британия бош вазири Кир Стармер. «Европа хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун JEF саммитидан сўнг тез орада ушбу илғор технологияни ишга тушираётганимиздан хурсандман», — дея қўшимча қилди у.

Фин кўрфазида кабелга зарар етказган лангар изи топилди

Финландиялик терговчилар Болтиқ денгизи тубида Эстония ва Финландия ўртасидаги Estlink 2 электр узатиш линияси шикастланган жойда «ўнлаб километр» из қолдирилганини аниқладилар, деб ёзади 29 декабр куни Reuters агентлиги.

«Ушбу изнинг узунлиги ўнлаб километрни ташкил этади», — дейди агентликка масъул терговчи Сами Пайлу. Шу билан бирга, Финландия тергов вакилининг таъкидлашича, лангарнинг ўзи ҳали топилмаган.

Аввалроқ ОАВда кабелга шикаст етказганликда гумон қилиниб, Финландия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган Eagle С танкери сурати чоп этилган эди. Улар танкер чап томонида лангарга эга эмаслигини кўрсатади, гарчи у худди шу кеманинг олдинги фотосуратларида мавжуд.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид