Иқтисодиёт | 14:54 / 07.01.2025
1342
2 дақиқада ўқилади

Карачида Ўзбекистон Савдо уйи ва Маданий маркази очилди

Ўзбекистон элчихонаси ва Diners Group компанияси ҳамкорлигида Карачи шаҳрида UzbekPak International Trading Centre Ўзбекистон-Покистон халқаро савдо уйи ҳамда UzbekPak Cultural Centre маданий марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фото: "Дунё" АА

Маданий марказ ҳудудида Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев "Дўстлик рамзи" дарахтини ўтқазди.

Маросимда Карачи шаҳрининг йирик тадбиркорлари, экспорт-импорт корхона раҳбарлари, бизнес доира ва туристик компаниялар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Diners Group компанияси раҳбари Соҳаил Мотен мазкур савдо уйи ва маданий марказ икки мамлакат ўртасидаги минтақавий боғлиқликни қайта тиклаш, ўзаро савдо ҳажмларини янада ошириш, инвесторлар учун зарур маълумотларни тақдим қилишини таъкидлади.

"Карачи ва Тошкент шаҳарларида очилаётган савдо уйлари икки мамлакат саноат маҳсулотлари тўғрисида хабардорликни ошириб, доимий фаолият юритувчи кўргазма павильони шаклидаги савдо платформаси сифатида фаолият кўрсатади. Покистон ва Ўзбекистоннинг экспорт ва импорти номенклатурасида ўзаро улушни сезиларли оширишга хизмат қилади деган умиддамиз", - деди Соҳаил Мотен.

Ўзбекистон элчиси ўз нутқида икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, савдо-иқтисодий алоқалардаги жорий суръатни сақлаб қолиш ва уни янада яхшилаш, маданий ришталарни жонлантириш борасида мамлакатимиз раҳбарияти ва ҳукумати томонидан кўрилаётган чоралар тўғрисида маълумот берди.

"Савдо уйи халқларимиз ва миллий иқтисодиётларимизни янада яқинлаштиради. Савдо муносабатларимиз номенклатурасини янги бирликлар билан бойитиш, товар айланмасини 1 миллиард АҚШ долларига етказиш борасида олий даражада эришилган келишувларни самарали ижро этишимизга замин яратади", - деди Алишер Тўхтаев.

Савдо уйида Ўзбекистон саноат маҳсулотлари – тўқимачилик соҳаси намуналари, ип-калава, жун ва тери, пластик гранулалар, қуруқ мевалар жойлаштирилган. Ҳозирда маҳсулотлар сони ва турини кўпайтириш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Бинога ўрнатилган катта экранда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига, Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент шаҳарларининг сайёҳлик масканлари, мамлакатимизнинг саноат ва инвестицион имкониятларига бағишланган видеороликлар намойиш этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид