Ўзбекистон | 15:35 / 11.01.2025
6297
2 дақиқада ўқилади

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Ўзбекистонга келади

Покистон оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарга кўра, феврал ойига режалаштирилган ташриф чоғида Шаҳбоз Шариф Ўзбекистонга транзит савдоси учун Карачи портидан фойдаланишни таклиф қилиши кутилмоқда.

Жорий йил феврал ойининг учинчи ҳафтасида Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Озарбайжон ва Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб The News International нашри хабар берди.

«Покистон ўзининг «Vision Central Asia» сиёсатига мувофиқ Марказий Осиё давлатлари ҳамда Кавказнинг муҳим давлатлари билан алоқаларни кучайтирмоқда», — дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, Шаҳбоз Шариф икки кунлик ташрифи давомида Ўзбекистонга транзит савдоси учун Карачи портидан фойдаланишни таклиф қилади, шунингдек, муҳим савдо шартномаларини имзолайди. Унга мамлакат ташқи ишлар вазири Муҳаммад Исҳоқ Дар, бир қанча вазирлар ҳамда бизнес доира вакиллари ҳамроҳлик қилади.

Шаҳбоз Шарифнинг Бокуга ташрифи эса Илҳом Алиевнинг таклифига мувофиқ амалга оширилмоқда. Ташриф давомида бир қанча иқтисодий келишувлар имзоланади.

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф бунга қадар 2022 йил сентябр ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. У 2022 йил 15-16-сентябр кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид