Жаҳон | 17:15 / 12.01.2025
3056
1 дақиқада ўқилади

Эрдўған яна бир президентлик муддатига номзодини қўйишини истисно этмади

Ражаб Тоййиб Эрдўған 2014 йилдан бери Туркияга раҳбарлик қиляпти.

Фото: Туркия президенти сайти

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған президентлик сайловида иштирок этиши мумкин. Бу унинг Шонлиурфа вилоятидаги митингдаги баёнотидан келиб чиқади, деб хабар берди NTV Haber.

Президент митингда турк хонандаси Иброҳим Тотлисес билан суҳбатлашди. Қўшиқчи Эрдўғандан «президентликка номзодингизни қайта қўйишга тайёрмисиз» деб сўради. «Сиз билан тайёрман», деб жавоб берди президент.

Ражаб Тоййиб Эрдўған 2014 йилда Туркия раҳбари бўлди. Шу пайтда мамлакатда парламент тизими мавжуд эди. 2017 йилда Туркия референдум натижасида президентлик республикасига айланди. Янгиланган конституцияга кўра, давлат раҳбари кетма-кет икки муддатдан кўп бўлмаган даврда лавозимини эгаллаши мумкин. Эрдўған 2018 ва 2023 йилги сайловларда ғалаба қозонди. Унинг катта маслаҳатчиси Меҳмет Учум аввалроқ, агар парламент муддатидан олдин сайловлар ўтказишга қарор қилса, сиёсатчи яна президентликка номзодини қўйиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид