“Йўловчи овозини кўтариб, жанжал чиқарган” – Wizz Air Кушербаев масаласи юзасидан муносабат билдирди
Расул Кушербаев Самарқанд–Абу-Даби рейсида дуч келган муаммоли ҳолат юзасидан Kun.uz эълон қилган материалга авиакомпания муносабат билдирди. Wizz Air'га кўра, йўловчи авиакомпания қоидаларига амал қилмаган, ёнидагиларни муҳокамага аралашишга ундаган, экипаж аъзоларини Ўзбекистонни ҳурмат қилмасликда айблаган. Авиакомпания бундай вазиятда хавфсизликни биринчи ўринга қўйгани учун ўз ходимларига миннатдорлик билдирган.

Фотоколлаж: Kun.uz
Жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев Самарқанддан Абу-Дабига учаётганида тасодифан фавқулодда чиқиш эшиги олдида ўтирганини, экипаж аъзолари унга бу ўриндиқда ўтирган йўловчининг мажбуриятларини тушунтирганда тушунмай қолганини айтиб чиққанди. Кушербаев борт кузатувчисидан қоидаларни ўзбек ёки рус тилида эслатишини сўрагач, экипаж аъзолари ундан бортни тарк этишни сўраган. Бироқ авиакомпания ишлаш тизими қоидаларни ўзбек тилида тушунтириб бериш мажбуриятини ўз ичига олмайди. Муаммоли вазиятдан сўнг Кушербаев авиакомпания устидан президент порталига шикоят қилганини билдирганди.
Wizz Air компанияси Kun.uz'га хат йўллаб, воқеа юзасидан ички суриштирув ўтказилганини маълум қилди. Унга кўра, кўрилган чоралар ҳам ички қоидалар, ҳам халқаро меъёрлар, фавқулодда чиқиш эшиги олдида ўтириш мажбуриятлари, хавфсизлик қоидаларига мос. Йўловчи инглиз тилида гапириши ва тушуниши керак эди, дейилади муносабатда.
Бундан ташқари, экипаж бортда сўзлашув қоидаларидан келиб чиқиб, фақат инглиз ва араб тилларида тушунтиради. Компания Кушербаев талаб қилган рус, ўзбек ёки расман белгиланмаган тилларда сўзлашиш учун ҳеч қандай масъулиятни олмаган.
Wizz Air расмий муносабатида келишича, йўловчи инглиз тилини билмайман деса-да, қоидаларни тушунганини тасдиқлаган. Муаммонинг жиддийлашиши тил бўйича асоссиз талаб ортидан келиб чиққан. Wizz Air ходимлари йўловчилар хавфсизлиги ва қулайлигини биринчи ўринга қўяди, профессионаллик ва маданий сезгирлик билан вазиятга ёндашади, дейди авиакомпания.
Маълум қилинишича, Кушербаев мулоқот чоғида овозини кўтарган, бошқа йўловчиларни ҳам муҳокамага жалб қилишга уринган, экипаж аъзоларини эса Ўзбекистонни ҳурмат қилмасликда айблаган. Борт кузатувчилари вазиятни юмшатиш учун ҳаракат қилганига қарамай, йўловчи муҳокамани яна жиддийлаштирган. Wizz Air итоатсиз ҳаракатларни қабул қилмайди, деб ёзилади расмий хатда.
Манзилга етиб борилгач, воқеани ҳужжатлаштириш учун Абу-Даби полициясига мурожаат қилинган. Кушербаев экипаж аъзоларидан узр сўрагани айтилмоқда.
“Wizz Air Абу-Даби амирлиги қонунчилиги бўйича ишлайди, халқаро хавфсизлик стандартларига амал қилади. Экипажимизнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини оқлаймиз, хавфсизликни биринчи ўринга қўйгани учун уларга миннатдорлик билдирамиз”, дейди авиакомпаниянинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Анастасия Новак.
Мавзуга оид

14:01 / 06.03.2025
WizzAir Ўзбекистонга амалга оширадиган рейсларида ўзбек тилида ҳам хизмат кўрсатади

18:07 / 17.02.2025
“Ўзбекистон ёзувли паспортим учун рейсга қўйишмади” – Wizz Air ўзбек талабани бортга чиқармаган

17:27 / 08.01.2025
Расул Кушербаев Wizz Air устидан арз қилди. Авиакомпания уни қора рўйхатга киритган

23:39 / 02.12.2024