Жаҳон | 20:52 / 05.02.2025
6509
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантлар меҳнат шартномаси муддати тугагач, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлиши мумкин

Чет эл фуқаросига муддатли меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ёки муддатидан олдин бекор қилинганидан кейин 10 иш куни ичида Россия ҳудудини тарк этиш мажбурияти юкланиши мумкин.

Фото: ТАСС

Россиянинг Либерал-демократик партияси етакчиси Леонид Слуцкий бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар меҳнат шартномаси муддати узайтирилмаган бўлса, хорижликларнинг Россияни тарк этишини талаб қилувчи қонун лойиҳаси ташаббускори бўлди, деб ёзди ТАСС.

«Чет эл фуқароси муддатли меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ёки муддатидан олдин бекор қилинганидан кейин 10 иш куни ичида Россия ҳудудини тарк этиши шарт. Чет эл фуқароси охирги муддатли меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати тугаган кундан бошлаб 20 иш кунидан кечиктирмай янги муддатли меҳнат шартномасини тузган ҳоллар бундан мустасно», дейилади қонун лойиҳасида.

Агар чет эл фуқароси ушбу талабни бажармаса, ўз ҳисобидан депортация қилиниши керак. Агар маблағи бўлмаган тақдирда, иш берувчининг ҳисобидан депортация қилиниши лозим. Қонун лойиҳаси юқори малакали мутахассис бўлган чет эл фуқароларига тааллуқли эмас.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида хорижий фуқаролар билан тузилган меҳнат шартномаси муддатини бир йил билан чеклаш таклиф этилмоқда. Амалдаги меҳнат қонунчилигида чет эл фуқаролари билан муддатсиз ва муддатли асосда меҳнат шартномалари тузиш имконияти назарда тутилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид