Ўзбекистон | 16:34 / 11.03.2025
11253
2 дақиқада ўқилади

Амалдорлар “маҳаллий” хизмат автомобилларига ўтказилмоқда

Президент топшириғидан кейин, бош вазир Абдулла Арипов Mercedes-Benz русумли хизмат автомобилидан Chevrolet Malibu'га ўтган. Вилоятлар ҳокимлари ҳам UzAuto Motors'дан харид қилинган моделларга ўтмоқда. Мулозимлар хизматида бўлган, эндиликда фойдаланилмаётган “иномарка”лар аукцион орқали сотиб юборилади.

Фото: Chevrolet

Ўзбекистонда давлат мулозимлари президент топшириғи доирасида хизмат автомобили сифатида маҳаллий корхоналар томонидан сотиладиган автомобиллардан фойдаланишга ўтмоқда.

Хусусан, бош вазир Абдулла Арипов Mercedes-Benz ўрнига Chevrolet Malibu'дан фойдалана бошлаган. Буни Kun.uz'га ҳукумат раҳбарининг матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, Арипов 7 март куни видеоселектор йиғилиши ўтказиб, барча амалдорларга хорижий хизмат машиналаридан фойдаланишни тўхтатиш топшириғини берган. Амалдорларнинг бу қоидани бир неча ҳафтадан кейин жорий қилиш ҳақидаги таклифини бош вазир рад этгани айтилмоқда.

“Президентимиз берган барча топшириқларни сўзсиз бажаришимиз шарт, муҳокамага ўрин йўқ. Менга буни 20 мартдан ёки 1 апрелдан жорий қилайлик, деб таклиф беришяпти. Йўқ, унақаси кетмайди. Президентимиз топшириқ бердими, зудлик билан бажаришимиз шарт. Бу ҳукуматнинг асосий вазифаси”, – дея Ариповнинг селектордаги сўзларини келтирмоқда унинг матбуот хизмати.

Бекзод Ҳидоятовга кўра, бугунги кунда ҳукумат таркибидаги барча вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари хизмат автомобили сифатида маҳаллий автотранспортлардан фойдаланишга ўтган. 

Бош вазир фойдаланаётган хизмат автомобили / Фото: Kun.uz

Ҳукумат амалдорлари шу кунгача фойдаланиб келган жорий автотранспорт воситалари (“иномарка”лар) эса босқичма-босқич E-auksion – электрон савдо платформаси орқали сотувга чиқарилиши кўзда тутилган.

Маълумотларга кўра, бош вазир ўринбосарлари ҳам Malibu'дан фойдаланмоқда. Вилоятлар ҳокимларига эса Tahoe ва Traverse каби автомобиллар хизмат кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 5 март кунги селекторда давлат идораларида хизмат транспортида юришни кескин қисқартириб, миллий автомобил ва миллий мебелга ўтиш зарурлигини айтганди.

Мавзуга оид