Франция Украинанинг қуролсизлантирилишига қарши эканини маълум қилди
Франция мудофаа вазири сўзларига кўра, Украина мудофаа кучлари ҳар қандай келажакдаги Европа хавфсизлик архитектураси учун муҳим элемент ҳисобланади.

Фото: AFP
Париж Украинадаги ўт очишни тўхтатиш режимини қўллаб-қувватлашда давом этади, бироқ Украина армиясининг ҳар қандай қуролсизлантирилишини (демилитаризациясини) рад қилади. Бу ҳақда Франция мудофаа вазири Себастян Лекорню Мудофаа ва стратегия форуми очилишида маълум қилди, деб ёзди Le Parisien.
Унинг сўзларига кўра, Украина мудофаа кучлари ҳар қандай келажакдаги Европа хавфсизлик архитектураси учун муҳим элемент ҳисобланади.
Лекорню, шунингдек, Европа ҳозир Совуқ уруш ва кўплаб жаҳон кучлари таъсир ўтказиш учун курашаётган «тинчлик дивидендлари давридан» фарқ қилувчи янги тарихий даврни бошидан кечираётганини қўшимча қилди.
Унинг таъкидлашича, Мудофаа ва стратегия бўйича Париж форумида агар келажакда айрим давлатлар, хусусан, бир давлат хавфсизликка қўшган ҳиссасини камайтирса, НАТО ва Ғарб давлатлари ўзининг шарқий қанотини қандай ҳимоя қилиши мумкинлиги муҳокама қилинади.
11 март куни Парижда бошланган тадбирда 30 дан ортиқ давлатдан штаб бошлиқлари ва ҳарбий хизматчилар иштирок этмоқда. Форумда Украина учун халқаро хавфсизлик кучларини яратиш масаласи муҳокама қилинади.
Америка делегацияси Парижга таклиф қилинмаган. Франция ҳарбий мулозимининг AP агентлигига айтишича, бу қарор Европа эҳтимолий ўт очишни тўхтатишдан кейин Украинада тинчликни сақлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодирлигини намойиш этмоқчи бўлгани учун қабул қилинган.
Аввалроқ Лекорню Франция Киевга Россиянинг музлатилган активлари бўйича фоизлар ҳисобига 195 миллион евро миқдорида ҳарбий ёрдам бермоқчи эканини маълум қилганди.