Жаҳон | 21:08 / 11.03.2025
4512
3 дақиқада ўқилади

Муаммо Европанинг ичкарисида: иттифоқ ўз иқтисодиётига ўзи тўсиқлар қўйиб олган

Дунё эътибори асосан АҚШнинг протекционистик сиёсатига қаратилган бир пайтда, Европа ўзига ўзи чекловлар жорий этмоқда. Иттифоқ ҳудудида яқинда жорий этилган савдо сиёсати ва тартибга солиш чоралари иқтисодий ўсишнинг тўхташига, компанияларнинг халқаро бозорда рақобатсиз ҳолатга келиб қолишига сабаб бўлмоқда, деб ёзади Financial Times.

Фото: Dreamstime

Назарий жиҳатдан, Европа Иттифоқининг асосида эркин савдо ётади: аъзо давлатлар ўртасида ҳеч қандай иқтисодий тўсиқлар бўлмаслиги керак. Бироқ, иттифоқ томонидан жорий этилган экологик стандартлар, саноат нормалари ва меҳнат қонунчилигидаги ўта қатъий қоидалар ишлаб чиқариш харажатларини ошириб, инвестицияларни секинлаштирмоқда.

Бу чоралар барқарор ривожланиш ва адолатли меҳнат бозорини шакллантириш мақсадида қабул қилинган бўлса-да, улар Европада бизнес юритишни қийинлаштириб, глобал рақобатда компаниялар оёғига тушов бўляпти. Натижада минтақанинг инвестицион жозибадорлигига путур етяпти.

Энг катта муаммолардан бири – Углерод чегараларини корректировка қилиш механизми (CBAM) бўлиб, бунда импорт тарифлари маҳсулотларнинг атмосферага чиқарган зарарли газлари миқдорига боғлиқ бўлади. Бундай тартиб Европа бозорида экологик стандартларни кучайтириш мақсадида жорий қилинган бўлса-да, жуда мураккаб бюрократик жараёнлар ва катта харажатларни келтириб чиқармоқда. Натижада, Европада ишлаб чиқариш қимматлашяпти, бу эса Европа компанияларини камроқ тартибга солинадиган бозорлардаги рақобатчилари олдида қийинроқ вазиятда қолдирмоқда.

Бундан ташқари, Европанинг саноат сиёсатини ўзгартираётгани ҳам айрим муаммоларни келтириб чиқаряпти. Европа хорижий технологияларга ва стратегик хомашёларга боғлиқликни камайтириш учун ишлаб чиқаришни ўз ҳудудига қайтаряпти, лекин бу сиёсат бир қатор секторларда, хусусан, ярим ўтказгичлар ва қайта тикланувчи энергия соҳасида таъминот занжирларининг бузилишига олиб келмоқда. Саноат мустақиллигини ошириш ўрнига, бу чоралар ишлаб чиқариш харажатларининг кўпайишига ва инновациялар секинлашишига сабаб бўлмоқда.

Иқтисодий чекловлар фақат ташқи бозорларга тегишли эмас. Европа Иттифоқи ягона бозорни ташкил этса-да, аъзо давлатлардаги ички қоидалар ҳамон бир хил эмас. Давлатлар ҳалигача иттифоқ миқёсида мавжуд қоидаларга ўзлари томонидан қўшимча қоидаларни жорий қилишда давом этяпти, бу эса буткул тўсиқсиз иқтисодий муҳит яратишга тўсқинлик қиляпти. Солиқ режимлари, меҳнат қонунлари ва турли регулятор талаблар бир хил эмаслиги шундай хилма-хилликлар жумласидан.

Европа ўз-ўзига жорий қилган бу чекловлар минтақанинг келажакдаги иқтисодий ўсишига хавф солмоқда. Ҳозир Европа Иттифоқи ҳали ҳам дунёдаги энг йирик иқтисодиётлардан бири ҳисобланади, аммо ўзи олиб бораётган янги иқтисодий сиёсат билан рақобатбардошлигини йўқотиш хавфи бор.

Таҳлилчилар Европа ҳукуматларига тартибларни соддалаштириш, сармоявий муҳитни яхшилаш ва барқарор ривожланиш билан иқтисодий ўсиш ўртасида мувозанат сақлашни тавсия қилмоқда.

Мавзуга оид