Жаҳон | 18:01 / 12.03.2025
3576
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара очилади

Чегара қуролли тўқнашув юз берган 2021 йилнинг май ойидан бери ёпиқ эди. Энди иккала давлат ҳам чегарани тўлиқ делимитация қилди.

Фото: AFP

Тожик-қирғиз чегараси 13 март куни очилади. Ҳар икки томон чегара ўтиш жойларининг расмий очилиши ҳукуматнинг юқори мартабали амалдорлари иштирокида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Asia-Plus хабар берди.

Таъкидланишича, тарихий воқеада икки давлат раҳбарлари ҳам иштирок этиши мумкин.

12 март куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон икки кунлик давлат ташрифи билан Қирғизистонга жўнаб кетди. Музокаралар чоғида Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг турли жиҳатлари ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама қилинади. Учрашув якунида икки давлат президентлари икки томонлама битимлар пакетини имзолайдилар.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара 2021 йилнинг май ойидан бери ёпиқ. Бу Қирғизистон томонининг қарори билан апрель ойида икки давлат ҳарбий хизматчилари иштирокида содир бўлган ва ўнлаб одамлар ҳалок бўлган қуролли тўқнашувдан кейин содир бўлди. Шунда Бишкек чегара тўлиқ делимитация қилингандан кейин очилишини маълум қилган эди.

Томонлар умумий чегара чизиғини аниқлаш жараёнини фаоллаштиришга келишиб олдилар. 2022-2024 йилларда икки давлат ўртасида чегарани делимитация қилиш масалалари бўйича ўнлаб учрашувлар ўтказилди. Томонлар ўзаро келишувига кўра, ишчи гуруҳларнинг учрашувлари навбатма-навбат Тожикистон ва Қирғизистонда ўтказилди.

2024 йил декабрда Тожикистон-Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича делегацияси давлат чегараси участкаларини тавсифлаш тўлиқ якунлангани ҳақида хабар берди.

21 февраль куни Тожикистон ва Қирғизистон Бишкекда икки давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳужжатлар лойиҳаларини имзолади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид