Россия колонияларидаги хорижликларнинг 70 фоизи Марказий Осиё давлатлари фуқаролари
2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, қамоқларда 30 мингдан ортиқ хорижлик сақланмоқда.

Фото: ТАСС
Россиядаги жазони ўташ муассасаларида чет элликлар сони ўсди. Бу ҳақда Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати (ФСИН) раҳбари Аркадий Гостев маълум қилди.
2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, қамоқларда 30 мингдан ортиқ хорижлик бўлиб, уларнинг 69,5 фоизи Марказий Осиё давлатлари фуқароларидир.
«Умумий тақдим этилган маълумотларга кўра, муассасалардаги оператив вазият мураккаблашмоқда. Баъзи ҳолатларда қочиш ва гаровга олиш каби фавқулодда вазиятларга айланмоқда», деди Гостев.
Унинг сўзларига кўра, Россияда экстремизм учун қамалганлар сони икки баравар кўпайган.
«Озодликдан маҳрум қилиш жойларидаги маҳкумлар сонининг қисқариши уларнинг жиноий таркибининг ўзгариши билан бирга бўлди. Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун қамалганлар улуши 88 фоизгача ошди», деди Гостев.
Унинг сўзларига кўра, «террористик характердаги жиноятларни содир этганликда гумон қилинаётганлар, айбланаётган ва судланганлар сони 45,5 фоизга, экстремистик характердаги жиноятларни содир этганлар 96 фоизга, конституциявий тузум ва хавфсизлик асосларига қарши жиноят содир этганлар 96 фоизга ошган».
Россия Ички ишлар вазирлиги 2024 йилнинг январь-ноябрь ойларида чет эллик мигрантлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 фоизга кам жиноят содир этилгани ҳақида хабар берган эди. Оғир ва ўта оғир жиноятлар сони 3,9 фоизга, қасддан баданга оғир шикаст етказиш ҳолатлари 11,1 фоизга, қотилликлар ва қотилликка суиқасдлар 4,5 фоизга камайган.