Жаҳон | 22:56 / 14.03.2025
3343
3 дақиқада ўқилади

Путин: Россия Трампнинг илтимосига биноан Курск областидаги украиналик ҳарбийларининг ҳаётини сақлаб қолишга тайёр

Россия президенти бунинг учун Киев уларга таслим бўлишни буюриши кераклигини айтди. Ўз навбатида УҚК Бош штаби Курскда украиналик ҳарбийлар қуршовда қолгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Фото: Reuters

Владимир Путин Россия АҚШ президенти Доналд Трампнинг илтимосига кўра, Курск областида қолаётган украиналик ҳарбийларнинг ҳаётини сақлаб қолишга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда у РФ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши аввалида таъкидлаб ўтди.

«АҚШ президентининг чақириғини самарали амалга ошириш учун Украина ҳарбий-сиёсий раҳбарияти ўз ҳарбий бўлинмаларига қуролларни ташлаш ва таслим бўлиш бўйича тегишли буйруқ бериши зарур», — деди Путин.

Унинг қайд этишича, мазкур ҳолатда украиналик ҳарбийларнинг ҳаёти сақлаб қолиниши кафолатланади.

14 март куни Трамп ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига «минглаб украиналик аскарлар қуршовда қолгани» ва у Путинга мурожаат қилиб, «уларнинг ҳаётини сақлаб қолишни сўраши» ҳақида ёзди. Трамп фронтнинг айнан қайси ҳудуди ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган, аммо у Россия қўшинлари муваффақиятли ҳужум олиб бораётган Курск областини назарда тутган бўлиши мумкин.

Курск областидан олинган видеоларга кўра, Украина Қуролли кучлари (УҚК) минтақадаги ўзининг аксарият плацдармидан чекинган. Украина армияси фақат «Суджа» чегара ўтиш пункти ва унинг атрофидаги бир нечта қишлоқни назорат қилмоқда. РФ Қуролли кучларининг дронлар зарбалари сабаб ушбу ҳудуддаги ҳарбийлар таъминоти қийинлашган бўлсада, улар қушовда қолмаган. УҚК Бош штаби қуршов ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаб, буни сиёсий босим деб атади.

«Бизнинг аскарларимиз душманнинг ҳужум ҳаракатларини қайтариб, унга барча турдаги қуроллардан самарали ўт очмоқда. Жорий сутканинг бошидан бери Курск йўналишида 13 та жанговар тўқнашув содир бўлди. Бўлинмаларимиз қуршовга олиниш таҳдиди йўқ», — дейилади Бош штаб хабарида.

Ўз навбатида Украина президенти Володимир Зеленский Курск областидаги вазиятга изоҳ бераркан, УҚКнинг мазкур операцияси ўз мақсадига эришганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, УҚК Курск областига бостириб киргани сабаб Покровск ва Харкив йўналишлари барқарорлашган, душманга эса яна Покровскка таҳдид қилиш имкониятини топиш «осон бўлмайди».

Мавзуга оид