Онкокасаллик, иложсизлик ва 6 йилдан бери қурилаётган ҳоспис ҳақида катта суҳбат
Ўзбекистонда 133 мингдан зиёд онкологик беморлар бор. Уларнинг 4 мингдан ортиғи касалликнинг охирги даражаси билан курашмоқда. Замонавий дунёда тузалмас касалликка чалинганлар умрининг охирини махсус касалхоналарда ўтказади. Бизда эса ҳозирча бунинг акси – чидаб бўлмас оғриқ ва дардни фақат бемор эмас, унинг яқинлари ҳам бошдан ўтказади. Чунки мамлакатнинг Самарқанд ва Хоразмидан бошқа ҳеч ерида ҳоспис йўқ. Яқинда ижтимоий тармоқларда кузатилган ҳолат: саратонга чалинган уйсиз кекса беморнинг подъездга ташлаб кетилиши бу масаладаги вазият қандай эканини таҳлил қилишга ундади.
7 март куни саратонга чалинган бемор 4 соат давомида шифохонама-шифохона сарсон қилиниб, уни ҳеч ким қабул қилмагани видеоси тарқалганди. Унда тез ёрдам ходимлари касаллик 4-босқичда эканини, аёл барибир ўлишини, унга ёрдам берилмасликларини айтган.
Kun.uz айни оғриқли кейсдан келиб чиқиб, Ўзбекистонда онкология соҳаси, беморларнинг вазияти ва ҳоспислар очилиши нега кечиктирилаётгани ҳақида суҳбат уюштирди.
Интервюда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Азиз Ҳамроқулов, вазирликнинг тез ёрдам хизмати бўйича бош мутахассиси Илҳом Асланов ҳамда онколог шифокорлар Шермуҳаммад Умиров, Яҳё Зияев ҳамда Рустам Норбоев иштирок этди.
– Дастлаб ҳаммангизга бир хил савол билан юзланмоқчиман, тиббиёт ходимларининг бу хатти-ҳаракатлари қанчалик тўғри эди?
Азиз Ҳамроқулов: Тармоқларда шу ролик пайдо бўлиши билан вазирлик томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолатни ўрганиш бўйича хизмат текшируви ташкил қилинди. Унда уларнинг ҳолатига баҳо берилди. Бемор ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозирги кунда у Тошкент шаҳар онкология шифохонасида муолажа олмоқда.
Шифокор [билан] қандай ҳолат бўлганини билмайман. Ҳар қандай инсон жаҳли, асаби чиқиб турган вақтда ўзини филтр қила олмай қолади. Шунинг учун мен бу ҳолатга тўғри ёки нотўғри деган баҳони ҳам беролмайман. Чунки у қандай ҳолатда бўлганини ҳам билмайман. Қайси маънода, [шифокорнинг] қандай муаммоси борлигини билмайман. Чунки билишимча, шу ҳолатга келгунича бемор шунчаки кўчада қолиб кетмаган, унга тиббий ёрдам кўрсатилган бўлган. Шундан кейин ҳам Республика онкология марказининг Тошкент шаҳар филиалида ҳозир шу бемор даволанмоқда. Шу сабаб мен ҳозир шифокорни айбли ёки айбсиз деёлмайман, чунки хизматни кўрсатишган.
Илҳом Асланов: Албатта, ижтимоий тармоқда тарқалган қисми бўйича муносабат билдирсам, тез тиббий ёрдамнинг ўша ҳолатдаги ҳаракатлари нотўғри. Чунки бу авваламбор одоб-ахлоқ, қолаверса, тиббиётда алоҳида тиббиёт ходимлари учун одоб-ахлоқ қоидалари мужассамлашган деонтология қоидалари бор. Яъни бемор, беморнинг қариндошлари, ўзаро тиббиёт ходимлари ўртасидаги муносабатни акс эттирадиган қоидалар мавжуд.
Айтилган гапнинг нақадар тўғри ёки нотўғри экани ҳақида гап кетмаяпти, уни ҳақиқатан ҳам айтиши керак ёки айтмаслиги керак эди дейилганда, албатта, айтмаслиги керак эди. Беморнинг ҳолати бўйича аниқ ойдинлик киритиш… У [шифокор видео] ижтимоий тармоқдаги қаер учундир ёзиб олинаётганини билмаган ҳолатда бошқа хизмат ходимларига гапираётган муносабат сифатида тушунтириш бермоқчи бўлган. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатди.
Қолаверса, ҳозир айтиб ўтилди, у қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар у [шифокор] ҳиссиётларга берилмаслиги керак эди, айниқса, тез тиббий ёрдамни биз биламиз, бир кун давомида 20-30 талаб чақириққа хизмат кўрсатади, ҳар бир чақириққа кириб чиққанидан кейин хоҳлаймизми ёки йўқ, у ердан мусбат ёки манфий энергиялар мужассамланиб кетади. Биз у ердаги ҳолатларни бартараф қилиш масаласида жуда кўплаб ишлар олиб борамиз. Яъни ҳар бир чақириқ ўзининг номи билан алоҳида хонадонга ташриф буюриш, ундан олинадиган қандайдир энергия иккинчисига ўтмаслиги тўғрисида.
Дарҳақиқат, ўша куни тез тиббий ёрдам ходими билган мана шу беморимизга 4 марта хизмат кўрсатилгани, бир неча марта шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларга элтилгани, лекин ўзи томонидан ва ўша шошилинч тиббий ёрдам кўрсатадиган муассаса томонидан беморда шошилинч ёрдамга муҳтож бўлганлик инкор қилинган. Режали, шошилинч тиббиёт бор. Тез тиббий ёрдам – айнан инсон ҳаёти учун ўша вақтнинг ўзида хавф соладиган ҳолатни бартараф қилишга ва зарурат бўлганда ёрдам кўрсатилгандан кейин тегишли муассасаларга ётқизилишига ихтисослашган йўналиш.
Мутахассис сифатида айтоламанки, [шифокорнинг] хатти-ҳаракатларида камчилик йўқ, лекин айтилган гаплар ўша аудиторияда эмас, ўша ҳолатда ҳиссиётларга берилгани айниқса жуда нотўғри бўлган. Шифохоналарга қабул қилиниш бўйича бизнинг ваколатимизга кирмайди, ССВнинг тегишли буйруқлари бор, тез тиббий ёрдам хизмати онкология муассасасига беморни олиб бориш ваколати йўқ. Чунки у режали даволанадиган шифохона. Тошкент шаҳрида фақат шошилинч бўлимларимиз бор, мана шу манзилда эмас, қаердан олингани ва қандай ташхис билан олинганига қараб бемор бирор муассасага йўналтирилади. Бу жараёнда ўша олинган бемор манзили 1-Тошкент шаҳар клиник шифохонаси бўлган, у ерга элтиб топширилган. Кейинги ҳолатлар мутасаддилар томонидан ўрганилиши керак.
Шермуҳаммад Умиров: Бу видеороликни биз бир неча маротаба қайта-қайта кўрдик, тез тиббий ёрдам ходимлари ҳамда маҳалла участка нозирлари билан озроқ деонтология [қоидалари] бузилганини ҳам кўряпмиз. Лекин бу ерда тушунмовчилик бўляпти-да, ҳам видео қисқа, бу ерда касал қаердан олинган, қаерга олиб борилган – бу ҳақда видеороликда маълумот йўқ. Энди бу ерда яна тез тиббий ёрдам хизматида ишлаган ўша шифокор билан участка нозирларининг тортишуви, “беморни даволаш ёки олиб бориш сенинг вазифанг” деб бир-бирига вазифасини айтиб қолган. Аслида менинг фикримча, ўша бемор қайси локациядан чақирилган бўлса, ўшани олиб бориб, манзили бўйича 1-шифохонами, ўшанга олиб бориб, шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиши керак эди.
Тўғрисини айтиш керак, бу ерда кўпинча онкологик беморларни қабул қилиш масаласи турибди. Кўплар онкологик касалликка чалинганларга ёрдам кўрсатишни, онкологияга юборишни хоҳлайди. Шунинг учун бу ерда қабул қилмагандир, балки оғриқ қолдирувчи дориларини бериб, “яна уйига олиб бориб ташланглар” дейилган бўлиши мумкин. 2-мартада бошқа тез тиббий ёрдам келган бўлса, ўшанинг манзилини билишмагандир, шунинг манзилини билмаса, бемордан қайси маҳалла, қайси туман эканини сўраб, бориш керак эди. Маҳаллада маҳалланинг масъуллари бор, ўша ерда нозирлари бор, исм-фамилиясини айтса, қайси уйда, қайси хонадонда эканини айтиб беради.
Бу ерда келишиш керак эди. Мана шу маҳалла еттилиги дейди, маҳалла еттилигида ўтирган масъуллар билан тиббиёт ходимлари келишганида бунчалик тармоқда муаммо бўлиб, бутун ҳаммада муҳокамага кетиб қолмас эди. Шуни аниқ участка нозири билан гаплашиб, манзилига олиб бориш керак эди. Онколог сифатида айтаман, кўпинча беморларимиз оғир босқичда ҳамма даволанишларни олиб бўлган, уйига юборилган бўлса ҳам уйида даволанишда давом этиши керак. Бу ерда тиббиёт ва маҳалла ходимлари келишиб, беморни манзилига олиб боришганида яхши бўлар эди.
Яҳё Зияев: Бу ерда шифокоримиз, бизнинг ҳамкасбимиз деонтология қоидаларини бузмаган. “Бу ўлади нима бўлишидан қатъи назар 4-босқич” деб туриб беморнинг ўзига айтмаган, бу ерда беморнинг ташқарисидаги муносабат бўлгани учун ходим, албатта, ҳиссиётларга берилган. Ҳиссиётларга берилганини ҳам, тўғриси, шифокор сифатида мен тушунаман. 4 соат бемор билан у ердан бу ерга айланиб юриши, бу биринчи кун бўлмаган, бундан олдин ҳам 7 марта бу беморга тез тиббий ёрдам чақиртирилган.
Тез тиббий ёрдам хизматини кўрсатишнинг кўлами бор, у ерда шошилинч вазият бўлмаган. Яъни агар бу ердаги давонинг ҳаммаси режали бўлиши керак ва ўша онкология ҳам режали даво турларига киради. Айтайлик, ошқозондан саратон бўлган одамдан қон кетиб қоладиган бўлса, уни онкология маркази ёки унинг филиалига тунда иш вақтидан ташқарида олиб борилса, унга ёрдам беришга ҳеч қандай вазият, имконият йўқ. Унда жарроҳлар, операцион-ҳамширалар, реанимацион бригада – бутун тез ёрдам бригадасини ташкиллаштириш керак. Буни онкология марказида ташкиллаштириш мантиққа тўғри келмайди. Бунинг учун тез тиббий ёрдам ва шошилинч хизматлар бор.
Масаланинг иккинчи томонидан олсак, бу беморимизда саратоннинг 4-босқичи, сўнгги босқич ва бу ерда шошилинч ҳолат йўқ, яъни ўткир қон кетмаяпти ёки қанақадир оёғи синмаган, тос суяги мажақланиб кетмаган – бунга шошилинч ёрдам бермаса, бу бемор ҳаётдан ўтади деган нарса йўқ. Агар бундай беморларни тез тиббий ёрдам кўрсатадиган муассасаларга ётқизадиган бўлсак, Худо кўрсатмасин, мен аварияга учрасам, менинг яқинимда инфаркт бўладиган бўлса, айнан шу бемор шу ерда ётгани туфайли мен вақтида тиббий хизмат ололмаслигим мумкин. Жойлар тўлиб қолади, ўша тиббий хизматни олмаганим туфайли мен ўша куннинг ўзида ўлиб қолишим мумкин. Айнан шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, режали равишда даволанадиган беморлар режали муассасаларга жойлаштирилиши керак.
Мен беморни шаҳар филиалида ҳам кўрдим, ундан кейин тез тиббий ёрдамдаги мутахассислар билан гаплашганимда ҳам шу нарса айтилдики, у беморнинг ўзи “йўқ, менга ҳеч нарса керак эмас, мени шу манзилга олиб бориб қўйинг” деганда улар ҳам такси сифатида ўша ерга қайтариб олиб боришган. Видео ҳам айнан ўша ерда қолдириб кетилган вақтда олинган.
Ҳар бир инсон ўзининг ҳаётини, касаллиги, ташхиси ва ҳаёт прогнози ҳақида барча маълумотга эга бўлиши шарт, бу – унинг конституцион ҳуқуқи. Лекин бундай йўсинда эмас. Ёмон маълумотни етказишнинг йўллари бор.
Рустам Норбоев: Бу ерда [воқеа иштирокчиларининг ҳаммаси] жабрдийдалар. Бемор аниқ жабрланган ва шифокор ҳам. Чунки 30 та чақириққа чиққанидан кейин 31-чақириқ фрустрацияга олиб келади, камида унинг 10 таси 37,5 даража иситмаси сабаб чақирилади, буни яхши биламан, ҳамкасблар ҳам айтишади, бу нотўғри. Иккинчидан, шу шифокорнинг қаерга олиб боришни билмаслиги. Ҳозир бундай айланиб, битта консенсусга келяпмиз: ҳоспис йўқлиги. Яъни бундай беморлар ҳосписларга юборилиши керак.
Жуда тўғри айтилди, оддий шифокорга борилгандан кейин [бемор] жойни эгаллайди, бундан ташқари, у бемор керакли, тўғри муносабатни у шифохонадан ололмайди. Чунки оддий шифокорлар ҳосписдаги шифокорлардан фарқланади: гапиришида, ўзини тутишида, даволашида. Бундай беморлар уйи бўлса, уйида бўлмаса, ҳосписда даволаниши керак. Афсуски, муаммо ҳосписнинг битказиб берилмаганида. Ҳоспис бўлганида ҳозир шунча йиғилишимиз, ҳозирги ҳолатимиз бўлмас эди, чунки тез тиббий ёрдамдаги одам ҳосписга олиб бориларди. Шу билан муаммо йўқ бўлар эди.
Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Суҳбат давомида президентнинг 2017 йилдаги 2866-сонли, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги 892-сонли қарорлари асосида Тошкент шаҳрида очилиши керак бўлган ҳоспис масаласи муҳокама қилинган. Қолаверса, соҳадаги яна бир қанча муаммоли нуқталар ҳақида ҳам гапириб ўтилган.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Мавзуга оид

15:10 / 13.12.2024
Онкологик касалликлар давоси ҳақида реклама жойлаштирган МЧЖ жаримага тортилди

18:52 / 27.11.2024
Президент аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилишга доир давлат дастурини маъқуллади

15:57 / 25.11.2024
Онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади

11:13 / 06.04.2024