Жаҳон | 17:57
1158
3 дақиқада ўқилади

Human Rights Watch Россияни мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирди

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилот Россияни ксенофобиянинг ҳар қандай намоён бўлишини қоралашга ва мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш чораларини кўришга чақирди.

Фото: EPA-EFE

17 март куни Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Россия ҳукуматини ксенофобияни қоралашга ва Марказий Осиё давлатларидан келган меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўришга чақирган ҳисоботини эълон қилди. Хусусан, бу Россиядаги мигрантлар ҳаётини қийинлаштирадиган зўравонлик ва янги маъмурий чекловларга тегишли.

2024 йил 22 март куни Москвадаги «Крокус Сити Холл» концерт залида уюштирилган ва 146 киши ҳалок бўлган фожиали терактдан сўнг айбланувчилар орасида Марказий Осиёдан келганлар ҳам бор эди. Бу жамиятда ксенофобик кайфият ва мигрантларга нисбатан таъқиблар кучайишига олиб келди, дейилади ҳисоботда.

HRW ҳисоботида мигрантларга нисбатан кўплаб зўравонлик ва камситиш ҳолатлари, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ўта ўнг гуруҳлар томонидан қайд этилган.

Янгиликлардан бири мигрантларнинг фарзандлари рус тилидан имтиҳон топшириши шартлиги бўлиб, бу уларнинг таълим олишида қўшимча тўсиқлар яратган.

Human Rights Watch – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ноҳукумат ташкилотдир. У ҳуқуқларнинг бузилишини текширади, ҳужжатлаштиради ва ҳукуматларга халқаро стандартларга риоя қилиш учун босим ўтказади. HRW маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва БМТ каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

2024 йил бошидан Россия ҳукумати мигрантларга нисбатан чекловларни кучайтирди, жумладан, «назорат остидаги шахслар реестри»ни яратиш ва мигрантларни суд қарорисиз чиқариб юборишга рухсат берувчи меъёрларни қонунчиликка киритди.

Мигрантлар устидан назорат ҳам кучайиб, юзлаб одамларнинг банк хизматларидан фойдаланишини қийинлаштирди.

Ушбу ўзгаришларга жавобан Human Rights Watch Россияни ксенофобиянинг ҳар қандай намоён бўлишини қоралашга ва мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш чораларини кўришга чақирди. Ташкилот, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни Россиядаги мигрантлар ҳимоясини қўллаб-қувватлашга чақирди.

2024 йилда Россияда Марказий Осиё давлатларидан 3,3 миллионга яқин меҳнат мигранти бўлган. Россия иқтисодиёти асосан мигрантлар меҳнатига таянади, бироқ улар охирги пайтларда ўта ўнг гуруҳлар зўравонлиги ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш каби таҳдидли шароитларга дуч келди, деди ҳисобот муаллифлари.

HRW шунингдек, полиция ва тинч аҳоли томонидан зўравонлик ва камситиш ҳолатлари, шунингдек, мигрантлар ҳуқуқларини чекловчи янги қонунлар ҳақида ҳам хабар берди.

Хусусан, Россия расмийлари полициянинг ваколатларини кенгайтириб, мигрантларни суд қарорисиз депортация қилишга рухсат берди, шунингдек, муддати ўтган ҳужжатларга эга мигрантлар реестрини ҳам яратди.

Human Rights Watch ташкилоти Россияни ксенофобия ва зўравонликка нисбатан тоқат қилмаслик сиёсатини қабул қилишга ва мигрантлар ҳуқуқларини бузувчи қонунларни бекор қилишга чақирди.

Ташкилот шунингдек, халқаро ҳамжамиятни, жумладан БМТ ва Европа Иттифоқини мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Россияга босимни кучайтиришга чақирди.

Мавзуга оид