Жаҳон | 14:11 / 23.03.2025
12435
2 дақиқада ўқилади

Туркия суди Акром Имомўғлини қамоққа олди

Бир кун олдин уни қўллаб-қувватлаб ўтказилаётган намойишларда 300 дан ортиқ киши қўлга олинганди.

Фото: Getty Images

23 март куни Истанбул суди шаҳар мэри Акром Имомўғлини қамоққа олишга санкция берди.

Суд қарорига кўра, коррупцияда айбланаётган Имомўғли иш бўйича суд жараёни тугагунига қадар қамоқда сақланади.

«Бу қарор бизнинг суд тизимимиз учун шармандаликдир», – дея муносабат билдирди Анқара шаҳри мэри Мансур Явош.

Имомўғли қамоққа олиниши бутун Туркия бўйлаб уни қўллаб-қувватлаб ўтказилаётган намойишлар фонида рўй берди. Намойишлар 19 мартдан буён давом этмоқда ва унинг иштирокчилари қўлга олинмоқда. 22 март куни кечқурун Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқоя Истанбул ва бошқа шаҳарларда бўлиб ўтаётган норозилик намойишларида 323 киши қўлга олингани ҳақида хабар берганди.

Акром Имомўғли — Жумҳурият халқ партияси етакчиларидан бири бўлиб, бу партия президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанга мухолиф саналади. 2028 йилги президентлик сайловларида айнан у Эрдўғанга рақиб бўлиши кутилаётганди.

У 2019 йилда Истанбул мэрлигига сайланганди. Ўшанда аввалига Туркия Марказий сайлов комиссияси унинг ғалабасини бекор қилганди, аммо такрорий сайловда у янада катта фарқ билан ғалаба қозонади. 2024 йилда у бу лавозимга қайта сайланди. 

19 март куни эрталаб Туркия полицияси Акром Имомўғли ва яна 100 га яқин кишини, жумладан, Истанбул маъмуриятининг юқори мартабали ходимларини, мэр маслаҳатчиси Мурат Онгунни ҳибсга олганди. Шундан бери юз минглаб турклар асосан тинч намойишларда кўчаларга чиқмоқда.

Шунингдек, Истанбул университети Имомўғлининг 1990 йилда Кипр шимолидаги хусусий университетдан унинг бизнес бошқаруви факултетига ўтишида йўл қўйилган қонунбузарликларни сабаб қилиб кўрсатиб, дипломни бекор қилди. Туркияда президент сайловларида номзод бўлиш учун эса олий маълумот тўғрисидаги диплом талаб этилади.

Мавзуга оид