Ўзбекистон | 16:29 / 25.03.2025
3467
7 дақиқада ўқилади

Муддатидан олдин қандай қилиб талаба бўлиш мумкин? – иқтидорли абитуриентлар учун ноёб имконият

Фото: Янги Ўзбекистон университети

Бугун юртимизда ёшлар ўзларига берилаётган эътибор, уларга яратилаётган кенг имкониятлардан тўғри фойдаланиб, юксак ақл-идрок ва интеллектуал салоҳиятларини намоён қилган ҳолда юрт равнақи ҳамда ватан тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Ёш бўлишига қарамай дунёнинг энг машҳур университети Гарвардга мутлақ грант асосида талабаликка тавсия этилаётган ёшлар, шунингдек, муддатидан олдин бир неча университетлар саралаш жараёнларидан муваффақиятли ўтиб юртимизнинг довруғини дунёга танитаётган ёшлар бунга яққол мисолдир. Хўш, бу ёшлар қай тариқа бундай муваффақиятга эришмоқда? Ўзбекистонда ҳам муддатидан олдин талаба бўлиш мумкинми? Шу ҳақида ушбу мақолада батафсил маълумот берамиз.

Муддатидан олдин қабул қилиш тизими қандай?

Талабаларни имтиҳонсиз, муддатидан олдин қабул қилишни бошлаб берган халқаро университетлардан бири бу АҚШнинг дунёда ТОП 6-ўринда турувчи Стенфорд университети ҳисобланади. Стенфорд “Restrictive Early Action” қабул дастурини жорий қилган, бу эса талабаларга одатдаги белгиланган вақтдан олдинроқ ариза топширишга ва университетларнинг одатий қабул қилиш муддатидан олдин қабул қилинишга имкон берган. Муддатидан олдин қабул қилиш жараёни халқаро имтиҳонлар натижаларига асосланган ва мослашувчан қабул тизими ҳисобланади. Ҳозирги кунга келиб, талабаларни имтиҳонсиз муддатидан олдин қабул қилиш тизими глобал тарзда ривожланди, кўплаб университетлар ушбу тизимдан кенг миқёсда фойдаланмоқда. Ушбу тизим асосан абитуриентларнинг эришган ютуқлари, мактаб баҳолари ҳамда халқаро сертификатларига (масалан, SAT, IB yoki International AS & A Levels) асосланади. Мазкур тизимдан дунёнинг топ университетлари МИТ, Гарвард каби машҳур университетлар ҳам кўп йиллардан бери фойдаланиб келмоқда. Юртимизда ҳам ушбу тизимдан кенг қўлланмоқда. Жумладан Янги Ўзбекистон университетида ҳам абитуриентлар ТОП университетлар томонидан қўлланиб келинаётган мазкур қабул тизими асосида муддатидан олдин ўз ўринларини банд қилиш имконига эга.

Янги Ўзбекистон университетида қандай қилиб муддатидан олдин ўз ўқиш жойини банд қилиш мумкин?

Халқаро SАТ, International Baccalaureate Diploma yoki International AS & A Levels сертификатларининг математика қисми баллари университет саралаш имтиҳони натижаларига тенглаштирилган бўлиб, ушбу сертификатларнинг математика қисмидан тегишли кўрсаткичга эга абитуриентлар муддатидан олдин тўлов-контракт ёки давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилади. Масалан, халқаро SАТ сертификатининг математика қисмидан 780 кўрсаткичга эга абитуриент, университет саралаш имтиҳонида тақдим этиладиган 85 фоизлик кўрсаткичга эга бўлади ва муддатидан олдин тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилиши мумкин. Бунда абитуриент ўз хоҳишига кўра имтиҳондан озод этилади. Ўз натижасини янада юқори қилиш истагида бўлган абитуриентлар университет саралаш имтиҳонида қатнашиш имконига эга. Агар абитуриентнинг халқаро сертификат бўйича тақдим этилган натижаси ва у иштирок этган саралаш имтиҳони натижаси орасида фарқ юзага келса, юқори натижа Янги Ўзбекистон университетининг қабул комиссияси томонидан инобатга олинади.

Шуни таъкидлаш жоизки, халқаро сертификатларнинг тегишли кўрсаткичига эга бўлган абитуриентлар ҳозирча фақатгина тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилиши мумкин, халқаро сертификатларнинг энг юқори кўрсаткичига (масалан, SАТ сертификатининг математика қисмидан энг юқори 800 кўрсаткичи) эга абитуриентлар бундан мустасно. Бунда, халқаро сертификатларнинг энг юқори кўрсаткичига эга абитуриент, университет саралаш имтиҳонида тақдим этиладиган 100 фоизлик кўрсаткичга эга бўлади ва муддатидан олдин давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилади.

Кафолат тўловининг аҳамияти

Янги Ўзбекистон университетида ўз ўрнингизни банд қилишнинг муҳим шартларидан яна бири кафолат тўловини белгиланган муддатда амалга ошириш ҳисобланади. Кафолат тўлови – талабаликка тавсия этилган абитуриент томонидан унинг университетда ўқиш жойини банд қилиш учун жорий этилган тўлов ҳисобланади. Кафолат тўлови нафақат мазкур олийгоҳда, балки дунёнинг машҳур университетларида жорий этилган муддатидан олдин қабул қилинишнинг ажралмас бўлаги ҳисобланади.

Давлат грантлари ва қўшимча имкониятлар

Янги Ўзбекистон университети чекланган миқдордаги 1 ва 4 йиллик давлат грантларини тақдим этади ва улар белгиланган квота асосида тақсимланади. Шунингдек, саралаш имтиҳони якунланиб, барча абитуриентларнинг кўрсаткичлари шакллантирилганидан сўнг, даставвал муддатидан олдин тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган абитуриентлар белгиланган тартибда давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинишлари ҳам мумкин.

Янги Ўзбекистон университети ҳақида

Даставвал университет ҳақида қисқа маълумот бериб ўтамиз, Янги Ўзбекистон университети республика ҳудудларида ташкил этилган президент мактабларининг узвий давоми сифатида 2021 йил ташкил этилган бўлиб, университетда 4 та мактаб, 4 та марказ, 1 та тадқиқот институти, 12 та департамент мавжуд бўлиб, 9 та бакалавр таълим йўналиши, 10 та магистратура мутахассислиги, 9 та таянч докторантура ва 2 та докторантура ихтисосликлари бор. Шунингдек, университет саралаш имтиҳони таълим соҳасида, жумладан, саралаш имтиҳонларини ўтказиш борасида халқаро тажрибага эга Кембриж университети билан ҳамкорликда инглиз тилида ташкил этилади.

Ўқув дастурлари Европанинг муҳандислик соҳаларидаги етакчи университети ТУМ (Мюнхен техника университети – ТОП 26-ўрин) билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ҳамда таълим жараёнлари тўлиқ инглиз тилида олиб борилиб, дарслар АҚШ, Германия, Франция, Корея каби давлатлардан келган малакали хорижий ҳамда дунёнинг ТОП 500талик университетларида фаолият олиб борган маҳоратли профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилади. Маълумот учун, университет академик ходимларини ишга олиш жараёнлари ва уларни малакасини ошириш дунёнинг 1-рақамли олийгоҳи АҚШнинг Массачусетс технология институти (МИТ) иштирокида амалга оширилади. Бундан ташқари, университет халқаро тадқиқот лойиҳаларида иштирок этиб, илғор таълим технологияларини жорий этиб келмоқда.

Математика қисмидан тегишли кўрсаткичга эга эканингизни тасдиқловчи қайд этилган халқаро сертификатни қанчалик эртароқ топшириб, кафолат тўловини амалга оширсангиз, Янги Ўзбекистон университетида муддатидан аввал тўлов-контракт ёки давлат гранти асосида ўқиш жойини банд қилиш имконияти шунчалик юқори бўлади. Қабул талаблари ва жараёнлари ҳақида батафсил маълумотни университетининг расмий веб-сайтидаги “Admission” бўлимидан олишингиз мумкин.

Мамлакатдаги етакчи давлат университетлардан бирида сифатли халқаро даражадаги таълим олиш ва янги авлод етакчилари ҳамда инноваторларидан бири бўлишдек ажойиб имкониятни қўлдан бой берманг!

Реклама

Мавзуга оид