Ўзбекистон | 10:00 / 01.05.2024
7469
4 дақиқада ўқилади

“Янги Ўзбекистон“ университети талабалари дунёнинг биринчи рақамли олийгоҳида амалиёт ўтайди

Фото: “Янги Ўзбекистон“ университети

“Янги Ўзбекистон“ университети ташкил этилган йилданоқ дунёнинг биринчи рақамли олийгоҳи Массачусетс технология институти билан узоқ муддатли ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Шу асосда юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш ва ходимлар малакасини ошириб бориш йўналишларида яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Ҳамкорлик доирасида:

1.    Юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш;

2.    Ходимлар малакасини ошириш;

3.    Амалий машғулотлар ўтиш кўзда тутилган.

Белгиланган талаблар бўйича АҚШ олийгоҳи вакилларидан иборат танлов комиссиялари фаолияти ташкил этилган бўлиб, “Янги Ўзбекистон“ университетига профессор-ўқитувчиларни ишга жалб қилишнинг 3 босқичли шаффоф тизими яратилди. Мазкур тизимга асосланган ҳолда 500 нафардан ортиқ номзодлар кўриб чиқилиб, олийгоҳ талаби асосида 38 нафар профессор-ўқитувчи ишга жалб қилинган.

Массачусетс технология институти томонидан ташкил этилган инновацияларни қўллаб-қувватлаш, инновацион экотизимни яратиш, ўқув режа ва фан дастурларини ишлаб чиқиш каби йўналишидаги маҳорат дарсларида “Янги Ўзбекистон“ университети ходимлари тизимли равишда иштирок этиши йўлга қўйилган. Бугунга қадар 18 нафар ходим ва профессор-ўқитувчи қайд этилган дарсларда иштирок этиб, ўз малакасини оширди.

Бу каби маҳорат дарслари қамровини кескин ошириш мақсадида, жорий йилнинг 29 апрел – 2 май кунлари “Янги Ўзбекистон“ университетида таълим бошқаруви, замонавий педагогик ўқитиш методикалари, мустақил таълимни ривожлантириш ва самарали тадқиқот олиб бориш каби қатор йўналишларида маҳорат дарслари ташкил этилмоқда.

Маҳорат дарслари Массачусеттс технология институтининг қуйидаги мутахассислари томонидан олиб борилади:

– Вижай Кумар – вице-президенти катта маслаҳатчиси;

– Жон Бризон – Плазма фанлари ва термоядро кафедраси бошлиғи ва “MIT-SUTD” ҳамкорлик маркази директори;

– Жосеф Дейрон – лидерлик ва ижтимоий фанлар олими;

– Катерина Багиати – STEM таълим дастури бўйича бош тадқиқотчи олим;

– Жулия Рейнолдс – “Jameel World Education Lab” директор ўринбосари.

Дарсларнинг асосий қисми гуруҳларга бўлиниб, амалий машғулотлар орқали реал кейслар асосида ўтказилади.

Шу билан биргаликда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича MIT J-WEL билан келишув имзоланди ва “Янги Ўзбекистон” университети MIT J-WEL’нинг Марказий Осиёдаги энг яқин стратегик ҳамкори сифатида эътироф этилди.

Эндиликда “Янги Ўзбекистон“ университети талабалари дунёнинг 1-рақамли олийгоҳида амалиёт ўташ ва малака ошириш имконига эга бўлишади.

Бунда талабалар MIT профессор-ўқитувчилари томонидан ташкил этиладиган дарсларда иштирок этишлари, илмий тадқиқотлар олиб боришлари, ўз лойиҳаларини янада ривожлантиришлари ва MIT лабораторияларида экспериментлар ўтказишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, “Янги Ўзбекистон“ университети профессор-ўқитувчилари алмашинув дастури бўйича MIT’да тажриба ўташади.

Бунга кўра профессор-ўқитувчилар MIT тадқиқотчи олимлари билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб боришлари, турли ўқитиш методлари бўйича тажриба алмашишлари, MIT маълумотлар базасидан фойдаланишлари ва турли ўқув семинарларини биргаликда ташкил этишлари мумкин бўлади. Маҳорат дарсларига 50 нафар “Янги Ўзбекистон“ университети, 200 нафар бошқа олий таълим муассасалари мутахассислари жалб қилинган.

Мавзуга оид