Жаҳон | 22:57 / 26.03.2025
2375
2 дақиқада ўқилади

Бразилия собиқ президенти Жаир Болсонару давлат тўнтаришига уриниш айблови бўйича суд қилинади

Бу борадаги тегишли қарор мамлакат Олий суди томонидан қабул қилинган. Собиқ президент билан бирга яна 30 дан ортиқ одам суд қаршисида жавоб беради.

Фото: Reuters

Бразилиянинг собиқ президенти Жаир Болсонару давлат тўнтаришига уриниш айблови бўйича суд қилинади, деб хабар бермоқда Reuters.

Қайд этилишича, бу борадаги тегишли қарор мамлакат Олий суди томонидан қабул қилинган. 26 март куни ўтказилган мажлисда судялар прокуратура томонидан илгари сурилган айбловлар жиноят ишини қўзғатиш учун етарлими деган масалани кўриб чиққан ва бир овоздан ижобий хулоса берган.

Болсонару билан бирга, собиқ президентга шериклик қилишда айбланаётган яна 30 дан ортиқ одам суд қилинади.

Болсонару 2019 йилдан 2023 йилгача Бразилия президенти бўлган ва Лула да Силва унинг ўрнига келган эди. Сиёсатчи мағлубиятини тан олмаган, лекин лавозимини тарк этган. 2023 йил январ ойи бошида натижалардан норози Болсонару тарафдорлари Бразилия пойтахтида норозилик намойишлари ва тартибсизликлар уюштирган, жумладан, ҳукумат биноларини эгаллаб олишга уринган. Намойишлар кучишлатар тузилмалар вакиллари томонидан бостирилган, Болсонарунинг ўзи эса 2018 йилда олган жароҳати баҳонасида АҚШга кетиб қолганди.

Полиция версиясига кўра, Болсонару тўнтаришни режалаштириш ва уни ташкиллаштиришда асосий ролни ўйнаган. Собиқ президент барча айбловларни рад этмоқда ва ўзига нисбатан таъқибни сиёсий деб атамоқда. 2023 йил июн ойида суд собиқ президентга саккиз йил давомида сайловларда қатнашишни тақиқлаган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид