Ўзбекистон | 20:26 / 28.03.2025
2721
1 дақиқада ўқилади

Гулистондан Чиноркентга шаҳарлараро тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилди

Электропоезд ҳаракатланиш жадвалига асосан ҳафтасига олти кун қатнайди. Чиноркентгача катталар учун йўл ҳақи 40 минг сўм.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Чиноркент» бекатигача тезюрар электропоезд қатнови йўлга қўйилди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Қайд этилишича, 6 та вагондан иборат бўлган мазкур электропоезднинг умумий сиғими 586 йўловчига мўлжалланган.

Ушбу электропоезд Гулистондан Чиноркентгача бўлган масофани 3 соат 30 дақиқада босиб ўтади.

Чипта нархи Гулистондан Тошкентгача 20 минг сўм бўлса, Чиноркентгача катталар учун йўл ҳақи 40 минг сўм, болалар учун эса 23 минг сўм. Тўловни АТТО транспорт картаси ёрдамида тўлаш ёки чипталарни темирйўл чиптахоналаридан ҳам харид қилиш мумкин.

Электропоезд ҳаракатланиш жадвалига асосан ҳафтасида олти кун қатнайди. Гулистондан тонгги соат 06:11 да йўлга чиқса, Чиноркентдан Гулистонга қараб 15:43 да жўнаб, 19:00 да Гулистонга етиб келади.

Эслатиб ўтамиз, январ ойида Тошкент–Хўжакент электропоезди қатнови «Чиноркент» бекатигача узайтирилган эди.

Мавзуга оид