Жамият | 12:16 / 29.03.2025
8811
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар ишлаш учун Европанинг қайси давлатларига кўпроқ боряпти?

2024 йилда хорижга чиққан ўзбекистонликлар сони 6,2 млн кишини ташкил этди. Бу 2023 йилга нисбатан 29 фоизга кўп. Шунингдек, ўтган йилда пул ўтказмалари миқдори ҳам кескин ошиб, қарийб 15 млрд доллар бўлган. Жанубий Кореядаги Ўзбекистон резидентлари сони 95 минг кишига яқинлашган бўлса, Буюк Британияга мавсумий ишлаш учун берилаётган визалар миқдори 2021-2023 йиллар оралиғида 7,4 баробарга ошган.

Фото: AP

Марказий банк ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари оқимининг динамикасига оид ҳисоботини эълон қилди.

Қайд этилишича, 2024 йилда аҳолининг ташқи мобиллиги сезиларли даражада ошган. Бу ўсишни, бир томондан, хорижга чиққан фуқаролар умумий сони 6,2 млн кишини (асосан қариндошларни йўқлаш, туристик ва бошқа мақсадлар учун) ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 29 фоизга ошганида, бошқа томондан пул ўтказмалари оқими динамикасида кузатилган юқори ўсиш кўрсаткичларида (2023 йилга нисбатан 30 фоизга ошиб, 14,9 млрд долларга етган) кўриш мумкин.

Сўнгги йилларда миграциянинг сезиларли ўсиши Европа Иттифоқи мамлакатларида, жумладан, Польша (ЕИга берилган визаларнинг 21 фоизи), Литва (17 фоиз), Германия (16 фоиз) ва Латвияда (7 фоиз) кузатилган.

Буюк Британия томонидан меҳнат муҳожирларига бўлган мавсумий талаб ҳам сақланиб қоляпти. Ўзбекистон фуқароларига берилаётган мавсумий визалар барча мавсумий берилган визаларнинг қарийб 13 фоизини ташкил этган. Маълумот учун, Буюк Британия томонидан Ўзбекистон фуқароларига 2021 йилда 556 та, 2022 йилда 4228 та, 2023 йилда эса 4094 та виза берилган.

Шунингдек, Жанубий Кореяга умумий миграцион оқим ҳам ошиб боряпти.

2024 йилда макроиқтисодий вазиятнинг босқичма-босқич барқарорлашуви фонида Туркияга миграция оқими кўпайган. Буни Ўзбекистон фуқароларига берилган рухсатномалар (Residence Permit) ошиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Бундан ташқари, 2024 йилда иқтисодий ноаниқликларнинг нисбатан камайиши фонида доимий бўлмаган миграция даражаси аста-секин пасайиб бориб, бу мигрантларнинг узоқроқ муддат ишга жойлашишга тайёрлигини кўрсатади.

«Умуман олганда, меҳнат миграциясининг асосий йўналишлари Қозоғистон ва Россия бўлиб қолмоқда. Пул ўтказмаларининг жорий динамикасини, шунингдек, бошқа макроиқтисодий кўрсаткичлар (валюта курси, иш ҳақи) бўйича сўнгги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда ушбу мамлакатларга меҳнат муҳожирлари оқими нисбатан барқарор даражада сақланиб қолмоқда», дейилади МБ шарҳида. 

photo_2025-03-29_12-16-56.jpg
photo_2025-03-29_12-17-00.jpg

Мавзуга оид