Ўзбекистон | 16:54 / 01.04.2025
13929
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга «Leapmotor» брендидаги автомобиллар импорти чекланди

Ўзбекистонда «Leapmotor» товар белгили автотранспорт воситаларини сертификатлаш вақтинча тўхтатилади. Бунга ушбу брендга тегишли С16 автомобилида аниқланган камчилик сабаб сифатида келтириляпти.

Фото: Leap Motors

Ўзбекистонда «Leapmotor» брендига тегишли енгил автомобилларни сертификатлаш вақтинча тўхтатилди. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги сертификациялаш оргонларига огоҳлантириш хати юборган.

Ҳужжатда келтирилишича, чеклов қўйилишига «Leapmotor С16» автомобилида аниқланган камчилик сабаб сифатида келтирилган.

«EURO PROF TEST МЧЖнинг 2025 йил 28 мартдаги 28/03-сон хати билан «Leapmotor» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган М1 тоифадаги «Leapmotor» товар белгили «С16» русумли (VIN рақами LFZ93AN96RD091431) енгил транспорт воситасини мувофиқлигини баҳолаш натижасида, регламентнинг 3-илова 44-бандида белгиланган талабга номувофиқлиги аниқланганлиги маълум қилинган.

Мазкур номувофиқлик автотранспорт воситасидан фойданалишда унинг электроникаси ёки бошқа қурилмаларидан фойдаланишда муаммоларга, айрим ҳолларда тегишли тизимларнинг ишдан чиқишига олиб келади», дейилади хатда.

Агентлик истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида аниқланган номувофиқлик Леапмотор компанияси томонидан бартараф этилгунга қадар, М1 тоифадаги «Leapmotor» товар белгили автотранспорт воситаларини сертификатлаштириш юзасидан аризаларни қабул қилиш тўхтатилишини билдирган.

Аввалроқ, импорт автомобиллар синовдан ўтказилаётган Пискент туманидаги лаборатория учун навбатлар узайиб бораётгани хабар қилинганди. Божхона соҳасидаги блогерларга кўра, электрон навбат олиш тунги соат 00:00 да очиляпти ва 1 дақиқага бормасдан, жойлар тўлиб қоляпти.

Мавзуга оид