Фан-техника | 18:15 / 02.04.2025
2766
2 дақиқада ўқилади

Google болаларга уй вазифаларида ёрдам берадиган сунъий интеллектини тақдим этади

Gemini болаларга ҳикоя тузиш, саволлар бериш ва уй вазифаларини бажаришда ёрдам олиш имконини бериши кутилмоқда.

Google компаниясининг Gemini иловаси болалар билан ишлаш имкониятига эга бўлади. Бунга янгиланган иловадаги кодлар далолат қилмоқда, деб хабар берди Android Authority.

Gemini болаларга ҳикоя тузиш, саволлар бериш ва уй вазифаларини бажаришда ёрдам олиш имконини бериши кутилмоқда. Ўсмирлар учун хавфсизлик ва контент ҳимоясини таъминлаш учун қўшимча ҳимоя ва цензура усуллари ишлаб чиқилмоқда.

Google болалар учун Gemini режимини қандай жорий қилиши номаълум, бироқ боланинг профили билан боғланган Google аккаунти режимни автоматик равишда ёқиши кутилмоқда. Қайд этилишича, Google Gemini for Kids дастурида тўпланган маълумотларни ўзининг махфийлик сиёсати, жумладан, болалар сиёсати ва Gemini Apps махфийлик эслатмаси асосида тўплайди ва қайта ишлайди.

Аммо бу ечим турли мамлакатларда қандай ишлаши номаълум, чунки баъзи мамлакатларда болалар маълумотларини қайта ишлаш бўйича қатъий қонунлар мавжуд, шунинг учун Google уларни тартибга солиш талабларига мослашиши ва қоидаларга риоя қилиши керак.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид