Жаҳон | 08:30
1601
2 дақиқада ўқилади

Британия ва Франция «Кўнгиллилар коалицияси» мудофаа вазирларини йиғмоқда

Украинада барқарор ва узоқ муддатли тинчликни таъминлашни мақсад қилган «Кўнгиллилар коалицияси»нинг навбатдаги учрашуви 10 апрел куни бўлиб ўтади. Йиғилиш Белгия пойтахти Брюсселда, «Рамштайн» форматидаги учрашувдан бир кун олдин ташкил этилади.

Фото: euronews.com

Буюк Британия ҳукумати сайтида хабар қилинган маълумот Британия ва Франция штаб бошлиқларининг Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашувидан сўнг эълон қилинган.

«Буюк Британия ва Франция коалицияга аъзо давлатлар мудофаа вазирларини йиғади. Мақсад — Россиянинг яна бир бор тажовуз қилишининг олдини олиш учун хавфсизлик чораларини қўллаб-қувватлаш режаларидаги кейинги босқичларни муҳокама қилиш», — дейилади баёнотда.

Маълумотга кўра, учрашув 10 апрел, пайшанба куни бўлиб ўтади. Лондонда таъкидланишича, «Кўнгиллилар коалицияси»га 30 та давлат қўшилади.

«Буюк Британия Украинани қатъий қўллаб-қувватлашни давом эттиради ва адолатли ҳамда мустаҳкам тинчлик тарафдори бўлиб қолади. Биз учрашувлар давомида украин армиясининг улкан салоҳиятидан қай тарзда фойдаланиш мумкинлиги ва уни Россия тажовузини тўхтатишда энг мақбул ҳолатга келтириш масалаларини муҳокама қилдик», — деди Британия мудофаа штаб бошлиғи Тони Радакин.

Расмий баёнотда тинчликпарварлар мавзуси тўғридан-тўғри тилга олинмаган бўлса-да, Зеленский 5 апрел куни Киевдаги учрашувдан сўнг бу ҳақда гапириб ўтди.

«Биз қуруқликда, осмонда ва денгиздаги мавжудлик масаласини муҳокама қиляпмиз. Шунингдек, ҳаво ҳужумидан ҳимоя масаласи ва яна баъзи нозик жиҳатлар ҳам бор», — деган эди у.

«Кўнгиллилар коалицияси» ёки «Қатъиятлилар коалицияси» — бу Европадаги ва ундан ташқаридаги бир неча мамлакатларнинг бирлашмасидир. Улар Россия тажовузига қарши курашда Украинага ёрдам беришни ваъда қилган. Бу коалиция доирасидаги асосий мавзу — Россия босқини тугагандан сўнг ёки оташкесимга эришилгандан кейин Ғарб тинчликпарварларини Украина ҳудудига жойлаштириш масаласидир.

Мавзуга оид