Поезд йўловчиси вагон деразалари чанглигидан шикоят қилди. Тозаликка масъул икки ходим ишдан олинди
Олот—Тошкент йўналишида ҳаракатланган поезд йўловчиси вагон деразалари санитария талабларига жавоб бермаслигидан шикоят қилди. «Ўзтемирйўлйўловчи» бош директорининг биринчи ўринбосари Kun.uz’га мазкур ҳолатни тасдиқлаб, вагонда тозаликка масъул икки нафар вагон кузатувчиси ишдан олинганини билдирди.

Kun.uz’га Олот-Тошкент йўналишида ҳаракатланган поезд йўловчиларининг биридан вагон деразалари чангиб кетгани тасвирланган суратлар келиб тушди. «Ўзтемирйўлйўловчи» вакилининг маълум қилишича, поезд деразалари герметиклаб ташланганига қарамай, Қоракўл бекатида тўхтаган вақтда қум билан тўлган, уни тозаламаган икки нафар вагон кузатувчиси ишдан бўшатилган.
Таҳририятга мурожаат қилган фуқаро 7 апрел куни Бухородан Тошкентга қатновчи Олот–Тошкент йўналишидаги поездга мингани ва 10-рақамли вагон санитар талабларга жавоб бермаганини маълум қилди.
«Поезд абгор ҳолатда: ёқимсиз ҳид, чанг босган, «розетка»лар ишламайди. Ойналари очилмайди, жуда иссиқ. Вагон кузатувчисининг айтишича, деразаларни герметиклаб ташлашган. Ҳожатхонасида ахлат учун челак йўқ, одамлар қоғозни унитазнинг ўзига ташлаяпти», – дейди фуқаро.
Йўловчи эътирозларининг исботи тариқасида бир неча сурат ва видеоларни тақдим қилган. Унда деразалар чанг билан қопланганини яққол кўриш мумкин.
Kun.uz ҳолат юзасидан «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ бош директорининг биринчи ўринбосари Сунатилло Ҳамидов билан боғланди. Расмий вакил ҳолат юзасидан ўрганишлар олиб борилгани ва вазият ҳақиқатан ҳам мурожаатчи айтганидек бўлганини тасдиқлади.
Ҳамидовнинг тушунтиришича, деразалар аслида қум кирмаслиги мақсадида герметикланган, аммо «Қоракўл» бекатида куни бўйи тўхтаб турганида, вагон ичи чанг билан тўлган.
«Чанг киргани тўғри, ҳозирда кўп қум келяпти, бу эски қолиб кетган қумлардан эмас. Биз қум кирмаслиги учун [ойнани] герметиклаб қўйганмиз. Мана шундай озгина очиб қўйса ҳам ичи қумга тўлиб кетяпти. Ҳозир вагонлардаги кондиционерни ишлатишни бошладик.
Ҳолатни бартараф этдик, ҳақиқатан ҳам Қоракўлдан, чўл зонадан келган экан. Кечқурун «Қоракўл» бекатида куни бўйи тўхтайди, ўша ердан чанг кирган, тозалашмаган. [Бунга масъул бўлган] икки нафар «проводник»ни ишдан олдик. Қолган ҳаммага дарс бўлади», – дейди «Ўзтемирйўлйўловчи» вакили.
Эслатиб ўтамиз, поездлардаги санитар вазиятнинг талабга жавоб бермаслигига оид масала биринчи марта кўтарилаётгани йўқ. Аввалроқ Тошкент–Урганч рейси йўловчиси вагондаги кўрпачаларнинг кирлиги, сувараклар юргани ва ҳаво алмаштириш тизими яхши ишламаслигини айтиб чиққанди. Ундан аввал эса Урганч–Волгоград йўналишида ҳам ўхшаш вазият кузатилганди. Ўз навбатида танқид ортидан «Ўзтемирйўлйўловчи» поездларда санитария назорати кучайтирилишини эълон қилган.
Мавзуга оид

20:13 / 08.04.2025
Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи Россия компаниясига ишончли бошқарувга берилди

23:03 / 07.04.2025
Тошкентдаги қаҳвахонада тил билан боғлиқ ҳолат муҳокамаларни келтириб чиқарди

12:52 / 31.03.2025
Ўзбекистон ва Қозоғистон темирйўл туташувларида ўтказиш қобилияти оширилади

20:49 / 27.03.2025