Спорт | 19:34 / 08.04.2025
14274
16 дақиқада ўқилади

ЕЧЛда чоракфинал. «Реал» ва «Арсенал» ўйинида ким фаворит?

9 апрелга ўтар кечаси Чемпионлар лигасида чоракфинал баҳслари бошланади.

Фото: Getty Images

«Арсенал» — «Реал» (00:00. Zo'r TV)

Ушбу босқичдаги энг номдор жамоалар жуфтлигини «Арсенал» ва «Реал» клублари ташкил этган.

«Арсенал» умумий гуруҳ босқичида 19 очко тўплаб (6 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият, тўплар нисбати — 16-3), учинчи ўринни эгаллади ва плей-оффга ўтиш ўйинларидан озод қилинди. Лондонликлар 1/8 финалда ПСВ тўсиғидан осонлик билан ўтишди (Эйндҳовендаги биринчи ўйинда 7:1, жавоб учрашувида — 2:2 ҳисоблари қайд этилди).

«Реал» гуруҳда 15 очко тўплади (5 ғалаба ва 3 мағлубият, тўплар нисбати — 20-12) ва босқични 11-ўринда якунлади. Чемпионлар лигаси плей-оффга ўтиш босқичида «Манчестер Сити» билан тўқнашди (Манчестердаги биринчи ўйинда — 3:2 ҳисобидаги ғалаба қайд этилди, Мадриддаги жавоб учрашувида ҳам рақибга имкон қолдирилмади — 3:1), 1/8 финалда эса яна бир жиддий рақиб — «Атлетико» тўсиғидан ўтилди ( «Сантяго Бернабеу»даги биринчи ўйинда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди, жавоб ўйинининг асосий вақтида — 0:1 ҳисобида ютқазди, пеналтилар сериясида устун келди — 4:2).

Қоғозда амалдаги чемпион, турнир тарихида энг кўп марта (14) ғолиб чиққан «Реал» фаворит бўлиб кўринмоқда. Аммо лондонликлар бу фикрга қўшилмайди. «Чемпионат» колумнисти Дмитрий Бажанов Артета шогирдларига қарши ўйинлар мадридликлар учун осон кечмаслигининг беш сабабини келтирди.

Шундай бўлиб чиқдики, Европанинг икки катта клуби бўлмиш «Арсенал» ва «Реал» Чемпионлар лигасида шу вақтгача фақат бир бор тўқнашган. Бу 2006 йилда, 1/8 финал босқичида бўлганди. Тиерри Анри «Сантяго Бернабеу»да ғалаба голини урган, Лондонда ҳисоб очилмаган ва лондонликлар икки учрашув натижасига кўра кейинги босқичга ўтган.

Ўша мавсумда «Арсенал» ЕЧЛ финалига қадар етиб бориб, Париждаги «Стад де Франс» ўйингоҳида «Барселона»га ютқазиб қўяди (1:2). Шундан кейин жамоа бу қадар юқори нуқтага кўтарила олмади. Қайсидир паллада эса «канонирлар» Чемпионлар лигасида иштирок этишни ҳам тўхтатиб қўйганди. «Реал» эса ўтган йигирма йилга яқин вақт ичида Чемпионлар лигаси мақомини ўзига қайтарди ва ушбу «қулоқли» кубокни яна етти марта ўз музейига олиб келди.

Бу сафар «Арсенал» ва «Реал» чоракфиналда учрашмоқда. Тажриба ва ғолиблик руҳияти бўйича устунлик мадридликлар томонида экани шубҳасиз. Қолаверса, «Арсенал»ни таркиб билан боғлиқ муаммолар қийнамоқда: бироз олдинроқ асосий марказий ҳимоячи Габриэл Магалянс сафдан чиқди, ҳужум чизиғидаги Кай Ҳаверц ва Габриэл Жезус ҳам анчадан буён майдонга туша олмаяпти. Қолаверса, бу мавсумда Микел Артета жамоасига ўйин ташкил этиш борасида ҳам саволлар туғилмоқда.

Аммо «Реал»ни фаворит дейишга шошилмаслик керак. Мадридликлар кучлироқ эканига шубҳа йўқ, аммо уларда ҳам «Арсенал»га қарши илк ўйин арафасида қатор жиддий муаммолар юзага келган.

Дарвозабон масаласи

Шанба куни «Валенсия»га қарши ўйинда «Реал» дарвозасида 19 ёшли Фран Гонсалес дебют қилди. У иккита гол ўтказиб юборди, мадридликлар сенсацион равишда ютқазди. Аммо бунда ёш дарвозабонни айблаб бўлмайди. «Валенсия» гол урган вазиятларда Тибо Куртуа ҳам, Андрей Лунин ҳам қутқара олмасди – иккиси дарвозада турса ҳам.

Куртуада жароҳат бор. Сўнгги ойда у фақат бир марта –  15 март куни «Вилярреал»га қарши ўйинда дарвозани қўриқлади. «Валенсия» билан ўйинга қадар унинг ўрнини Лунин эгаллаб турганди – ва у доим ҳам ишончли ўйнай олмади. Украиналик посбон Испания кубоги яримфиналида «Реал Соседад»га қарши ўйинда кўп хатога йўл қўйди. У ўз дарвозасидан тўрт бор тўп олиб чиқди ва айниқса тўртинчи гол урилган вазиятда тўпга чиқишда муваффақиятсиз ҳаракат қилди. Натижада мадридликлар қўшимча бўлимларда тер тўкишига тўғри келди.

Лунин «Валенсия» билан ўйин қайдномасига киритилганди, аммо майдонга чиқмади – бунга жароҳат сабаб экани айтилди. «Арсенал» билан ўйин олдидан Испаниядаги нашрлар Карло Анчелотти дарвозабонлардан қайсисини тушириш бўйича бир қарорга келмагани ҳақида ёзишди. Барчаси Куртуанинг ҳолатига боғлиқ экани, агар Тибо тайёр бўлса, у тушишини, агар тайёр бўлмаса, дарвоза Лунинга ишонилишини айтишди.

Куртуа эса Анчелотти билан бирга ўйиндан олдинги матбуот анжуманига ташриф буюрди. Одатда бу тадбирга бошланғич таркибда бўладиган футболчилар олиб чиқилади. Шундай экан, катта эҳтимол билан «Реал» дарвозасини асосий дарвозабон қўриқлайди. Аммо у қандай формада экани – савол остида.

Ҳимояда нима гап?

Орелен Тчуаменини мудофаа марказидаги ўйини учун кўп бор танқид қилишган. Бу у аввалдан ўйнаб келган позиция эмас ва бу ўз таъсирини кўрсатган вазиятлар бўлган. Хусусан, мавсумнинг биринчи қисмида француз футболчисининг бу позициядаги ишлари унча юришмаган. Анчелотти шунинг учун ҳам Раул Асенсиога имкон берди ва у бундан ўринли фойдаланди.

2025 йилда эса Тчуамени яхши формага чиқди. У бирорта муҳим ўйинни ўтказиб юбормади. Анчелотти уни таянч зонасида ҳам, ҳимоя марказида ҳам туширди. Ва иккала позицияда ҳам француз анча яхши ҳаракат қилди. Мавсумнинг иккинчи қисмида Тчуамени ва Антонио Рюдигер – «Реал» мудофаа марказидаги асосий боғламга айланди.

«Арсенал» билан ўйинда эса француз карточкалари сони кўпайиб кетгани туфайли қатнаша олмайди. Майдон марказида ҳам унинг хизматлари асқатиши тайин эди, аммо бу кўпроқ марказий ҳимоя учун жиддий йўқотиш бўлди. Энди эса яна Асенсио бошланғич таркибга қайтиб, Рюдигер билан жуфтлик ҳосил қилади. Раул ҳам яхши ва дебютант учун ажойиб мавсум ўтказмоқда. Аммо сўнгги ўйинларни жамоа Тчуамени билан ўтказганди.

У эса энг яхши формасига чиққанида дисквалификацияга учраб турибди. Бу эса «Реал» учун хавотирли ҳолат. Жамоа Тчуамени майдонда бўлганида ҳам мустаҳкам ҳимояси билан мақтана олмасди, усиз эса Мартин Эдегор, Букайо Сака, Леандро Троссар, Мартинелли ва Нванери каби футболчиларга қарши янада қийин бўлиши тайин.

«Арсенал»нинг қуроли

«Реал» – Чемпионлар лигаси қироли. «Арсенал» эса жорий мавсумда – стандарт вазиятлар қироли. Айниқса бурчак зарбалари ижро этишдан лондонликлар максимум хавфли вазиятлар яратишни ўрганиб олишган. Мухлислар ва журналистлар эса ҳазиллашиб бўлса-да, «Арсенал»нинг стандарт вазиятлар бўйича мураббийи Николя Жоверга йилнинг энг яхши мураббийи учун совринни беришга чақирмоқда.

«Реал» эса, юқорида айтилганидек, мустаҳкам ҳимоя чизиғига эга эмас. Бу стандарт вазиятларда ҳам акс этади. 1 мартдан буён «қаймоқранглилар» «Бетис», «Вилярреал», «Соседад» ва «Валенсия» билан ўйинларда жарима зарбалари ва бурчак зарбалари ижро этилганида голлар ўтказиб юборган. «Валенсия»га қарши охирги ўйинда эса бурчак зарбаларидан кейин бир эмас, икки гол ўтказиб юбориши ҳам мумкин эди. «Кўршапалаклар» жамоаси ҳимоячиси Мухтор Дякабида иккита ажойиб вазият бўлди: у биринчи имкониятдан фойдаланди, иккинчисида хато зарба йўллади.

«Реал»ни паст бўйли футболчилар жамоаси деб бўлмайди. Жамоада Рюдигер, Жуд Беллингҳэм ва Асенсио каби баланд футболчилар бор. Феде Валверде у қадар гигант бўлмаса ҳам, ўз дарвозасига белгиланган стандарт вазиятларда ёрдам бера олади. Аммо «Арсенал»да – Вилям Салиба, Якуб Кивёр (Габриэлнинг ўрнига айнан у тушиши кутилмоқда), Микел Мерино, Деклан Райс каби баланд бўйли футболчилар бор. Сака эса ярим мавсум ўйнамаганига қарамай, ўндан ортиқ голли узатма муаллифи бўлиб турибди.

Габриэл ўйнай олмайди ва «Арсенал» учун бу ҳимояда ҳам, ҳужумда ҳам улкан йўқотиш. Бразилиялик футболчи – жамоанинг стандарт вазиятлардаги энг хавфли футболчиси эди. У «Арсенал»га ўтганидан кейинги даврда АПЛда бирор ҳимоячи у каби кўп гол урмаган. Аммо Габриэлсиз ҳам лондонликлар сафида стандарт вазиятларда жарима майдонида дарвозага хавф соладиган футболчилар етарлича бўлади.

Винисиусдаги навбатдаги инқироз

Афтидан, Винисиус экзистенциал инқирознинг навбатдаги тўлқинини бошдан кечирмоқда. У қаторасига икки бор муҳим пеналтиларни аниқ ижро эта олмади – Чемпионлар лигасида «Атлетико»га қарши ўйинда ва Ла лигада «Валенсия» дарвозасига. Энди Испания медиасида «Валенсия» билан ўйиндан кейин Карло Анчелотти Килиан Мбаппени штатдаги пеналтичи этиб тайинлангани хабар қилинмоқда.

Винининг миллий жамоадаги ишлари ҳам жойида эмас. У охирги сафар чоғида Колумбияга қарши ғалабали ўйинда бир гол ва бир ассист муаллифи бўлди, аммо Аргентина билан ўйинда (1:4) ҳеч қандай каромат кўрсата олмади. Ўша ўйинда ҳаммадан кўра Рафиня диққат марказида бўлди. Аммо Винисиус ҳам миллий жамоадаги иштирокидан кўнгли тўлгани даргумон. Бразилия жиддий инқирозга тушиб қолган ва Вини бундай ҳолатда халоскор бўлолмаяпти.

Ниҳоят, «Реал»да айни вақтда у биринчи рақам эмас. Унинг ўрнини Мбаппе эгаллади ва сўнгги ўйинларда айнан француз футболчиси – мадридликлар ҳужумидаги асосий юзга айланди. Ва гап фақат голларда ҳам эмас. Килиан жамоа ўйинига Винисиусга қараганда жиддийроқ таъсир кўрсатмоқда.

Бразилиялик футболчи жамоатчилик кўз ўнгида ўзини вазмин тутмоқда. У жамоа биринчи ўринда экани, Мбаппе билан муносабатлари нақадар ажойиб экани ҳақида гапирмоқда. Аммо ич-ичидан ҳозирги ҳолати Винини қониқтирмаётгани тайин. Жамоа ўз йўлига, аммо у ҳамиша ва ҳар жойда биринчи бўлишни истайди. Унинг табиати шунақа, у ғалабалар ва натижаларга ўч, мутлақо максималист.

«Арсенал» билан учрашувда Винисиус ўзини қўлга олиши ва фаолиятидаги энг яхши ўйинлардан бирини ўтказиши ҳам мумкин. У бунгача бир неча бор шундай қилган, бу унинг қўлидан келади. Аммо шу билан бирга унинг жини қўзиб қолиши ва футбол ўйнаш ўрнига бор кучини ғазабини кўрсатишга, рақиблар ва ҳакамлар билан баҳслашишга йўналтириши ҳам мумкин. «Арсенал» – анчайин сурбет рақиб. Ва қўпол ўйнашдан қайтмайди. Винисиусга эса бу ёқмайди. «Арсенал» футболчилари бразилияликни издан чиқаришга ҳаракат қилишига шубҳа йўқ.

Вини ўйинни ёлғиз ҳал қилиш мумкин. Бир ўзи барчасини йўққа чиқариши ҳам. Ва ҳеч қачон унинг бошида ким – фаришта ёки иблиснинг қўли баланд келишини олдиндан айтиб бўлмайди.

Сака қандай тўхтатилади?

«Арсенал» шифокорлари қаршисида ўта масъулиятли вазифа турганди – Сакани «Реал» билан ўйинларгача сафга қайтариш. Унинг жароҳати анча жиддий эди ва декабрдан буён майдонга тушмаётганди. Аммо шифокорлар бу вазифани уддалашди. Сака апрел ойи бошида қайтди. У «Фулҳэм» билан ўйиннинг иккинчи бўлимида майдонга туширилди ва дарҳол гол урди. Кейин эса «Эвертон» билан бир бўлим ўйнади. Энди – «Реал» билан ўйинларга тайёр.

Букайо оптимал формада экани даргумон. Аммо у шу ҳолатида ҳам жуда хавфли. У «Арсенал»нинг чинакам етакчиси. Унинг майдондалигининг ўзи бутун жамоага ишонч бағишлайди. Қолаверса, Букайо – ҳужумчилар учун ажойиб таъминотчи. Унинг узатмалари – «Арсенал»нинг даҳшатли стандарт вазиятларида муҳим элемент.

«Реал»да чап қанотда Ферлан Менди ўйнай олмайди. Унда Сакага қарши ким ҳаракат қилади? Асосий вариант – Фран Гарсия. У тезкор, Букайо билан қарама-қаршиликда эса бу муҳим. Аммо Фран кўп ҳолларда ҳужумга ўтиб кетади ва доим ҳам ортга қайтишга улгурмайди. Бундай рақибга қарши эса бу қимматга тушиши мумкин.

Мудофаанинг чап қанотига Эдуард Камавингани тушириш ҳам мумкин. Унда бу позицияда ўйнаш тажрибаси бор. Персонал таъқиб қилишда у ўзини яхши кўрсатган. Аммо муҳим нюанс бор: Камавинга фақат олдинги мавсумда чап қанотда ўйнаган. Шундан буён Анчелотти ундан бу позицияда деярли фойдаланмаган. ЕЧЛ чоракфинали эса – ноодатий амплуага кўникишни бошлаш учун энг яхши вақт эмас.

Қолаверса, агар Камавинга барибир чап қанотда тушса, табиийки, майдон марказида унинг йўқлиги билинади. Бу позицияда ўйнаб бериши мумкин бўлган Дани Себалос жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлишга улгурмади, Тчуамени дисквалификацияда, Лука Модрич, қанчалик катта футболчи бўлмасин, ёши 40 га қараб кетмоқда. Қолаверса, ўнг қанот ҳимоясига Васкес ўрнига Валвердени ташлашга тўғри келиши мумкин. Агар шундай бўлса, майдон марказидан яна бир футболчи минус бўлади. Шундай экан, Камавинга «Арсенал» билан майдоннинг қайси қисмида – чап қанот ҳимоясида ёки марказда керак бўлиши – катта савол.

Испания нашрларида ёзилаётган яна бир вариант бор. Гўёки Анчелотти чап қанот ҳимоячиси сифатида Давид Алабани тушириши мумкин. Аммо бу ўринда ҳам Камавинганики билан ўхшаш вазият: Алаба анчадан буён чап қанотда ўйнамайди. Мадридга келганидан кейин у узил-кесил марказий ҳимоячига айланган.

Ҳа, «Валенсия» билан ўйинда австриялик футболчи сўнгги дақиқаларда мудофаанинг чап қанотига туширилди. Аммо бу биринчи навбатда у чап оёғида яхши пас бера олиши туфайли эди. Яъни бу захира мудофаани кучайтириш учун эмас, ҳужумга қаратилганди. Дарвоқе, Давид айнан ҳимоядаги ишини уддалай олмади. У «Валенсия»нинг иккинчи голини барчадан яқинроқ нуқтадан туриб томоша қилди.

Бундан ташқари, австриялик футболчи узоқ давом этган тикланишдан кейин эндигина формага кирмоқда. У бир йилни майдондан ташқарида ўтказди ва фақа 2025 йил январида қайтди. Анчелотти унга босқичма-босқич ўйин амалиёти бермоқда. Алаба ҳам аста-секинлик билан ўйинни кучайтириб бормоқда, аммо унда хатолар керагидан кўп. Ва уни ЕЧЛ чоракфиналида Сакага қарши тушириш – катта таваккалчилик.

Мавзуга оид