Ўзбекистон | 19:37 / 09.04.2025
2032
2 дақиқада ўқилади

Лимончилик соҳасини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди

Норин, Шаҳрисабз, Учкўприк ва Денов туманларидаги 1 тадан маҳалла илмий асосланган ёндашув асосида лимон кўчатлари етиштиришга ихтисослаштирилади.

Фото: ЎзА

«Республикада лимончилик соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, қуйидагилар белгиланди:

- лимон етиштиришга ихтисослашган ҳудудларда аҳоли хонадонларида ва ижарага берилган ер майдонларида ихчам иссиқхоналар қуриб бериш ҳамда 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиш;

- хорижий давлатлардан лимон мевасидан мураббо, жем ва лимонад ишлаб чиқариш ускуналарини олиб келиш, ўрнатиш ҳамда тадбиркорларга лизинг асосида беришни йўлга қўйиш;

- амалдаги кредитлар ва фоиз қарздорликларини қайта молиялаштириш орқали лимончилик хўжаликлари фаолиятини имтиёзли шартларда соғломлаштириш.

Шунингдек, Норин, Шаҳрисабз, Учкўприк ва Денов туманларидаги 1 тадан маҳалла илмий асосланган ёндашув асосида лимон кўчатлари етиштиришга ихтисослаштирилади ҳамда ушбу туманларда 1 млн дона сифатли лимон кўчати етиштирилади.

2025 йил якунига қадар деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида мавжуд лимон етиштириладиган ер майдонлари тўлиқ хатловдан ўтказилади ҳамда маълумотлар «Оnline mahalla» электрон платформасига киритилади.

Бундан ташқари, лимоннинг совуққа ва қурғоқчиликка чидамли навларини яратиш ҳамда уларнинг кўчатини жадал кўпайтиришга қаратилган мақсадли фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинади.

Мавзуга оид