Ўзбекистон | 22:02 / 10.04.2025
3588
5 дақиқада ўқилади

10 апрел янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Самарқандда стадионда безорилик қилган ҳайдовчи, ўзбекистонликларни ҳақорат қилган тик-токер, ишдан олинган гиёҳванд амалдор ва апрелнинг қолган кунларидаги об-ҳаво кутилмалари — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Самарқандда ҳайдовчи одамлар устига ҳайдади

Нуробод туманида Nexia ҳайдовчиси мактабдаги футбол майдонига машинасини ҳайдаб чиқиб, одамлар томон ҳаракатланган. Вилоят ЙҲХБ маълумотига кўра, йигит жамоаси ютқазганидан аламланиб, стадионга ҳайдаб кирган. Ҳодиса мактаб ҳовлисидаги футбол ўйини пайтида содир бўлган.

Ҳайдовчи ва автомобил топилган, унга маъмурий баённома расмийлаштирилган ва машина жарима майдончасига жойлаштирилган. Эълон қилинган видеода у қилган ишидан пушаймон эканини айтган ва узр сўраган.

ЙҲХХ Kun.uz’га маълум қилишича, ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси — «безорилик» бўйича иш қўзғатилган ва у ҳибсга олинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Сирдарё вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳодиса кузатилган эди. Ўшанда ҳайдовчи 4,5 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, унинг Captiva автомобили жиноят қуроли деб топилиб, давлат ҳисобига мусодара қилинган эди.

Ўзбекистонликларни ҳақоратлаган тиктокер қамалди

Ижтимоий тармоқларда Абдуллоҳ номи билан танилган Валерий Югай қамоққа олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот котиби маълум қилди.

Югай 2024 йилнинг октябр–ноябр ойларида Жанубий Кореяда бўлган пайтида ўз саҳифалари орқали ўзбекистонликларни ҳақорат қилган, миллий қадр-қимматни пастга уриб, диний эътиқод бўйича камситувчи сўзлар ишлатган. Бу чиқишлар миллатлараро низо келтириб чиқариши мумкинлиги айтилмоқда.

25 март куни у Абу-Даби–Самарқанд рейси орқали Ўзбекистонга олиб келиниб, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан процессуал тартибда қўлга олинган.

Унга нисбатан Жиноят кодекси асосида иш қўзғатилган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Андижонда амалдор гиёҳвандлик учун ишдан олинди

Андижон шаҳри Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими раҳбари ҳамда унинг ўринбосари ишдан олинди. Сабаб — бошлиқ иш жойида гиёҳванд модда истеъмол қилгани акс этган суратларнинг интернетда тарқалиши бўлди. Бу ҳақда вилоят бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Суратларда амалдаги раҳбар иш вақтида хизмат хонасида махсус қўлбола ускуна ёрдамида гиёҳванд модда тортаётгани тасвирланган. ИИВ маълумотига кўра, тезкор тадбир давомида ундан 0,69 грамм гашиш моддаси олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари бошланган. Ҳар икки амалдор билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Апрелда рекорд иссиқлик ва сел хавфи

Апрел ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати рекорд даражада исиб, баъзи ҳудудларда сел ва тошқин хавфлари юзага келиши кутилмоқда. Айниқса, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида кучли ёмғир, чақмоқ ва ҳаттоки дўл кузатилиши мумкин, деди иқлимшунос Эрон Абдулаҳатов.

11–13 апрел кунлари кўп ҳудудларда ҳарорат +36 даражагача кўтарилади. Бу апрел учун кузатувлар тарихида қайд этилмаган иссиқлик ҳисобланади. Кечқурун ҳам иссиқлик сақланиб туради.

12 апрелдан бошлаб Қорақалпоғистон ва Хоразмда салқинлик кириб келиши кутиляпти. Ҳарорат +20 даража атрофида пасайиши мумкин. Водий ва Тошкентда эса ҳарорат меъёрдан 8–12 даража юқори бўлади.

Мутахассислар апрел учун нохос бўлган иссиқлик ортидан совуқ уриши хавфини ҳам инкор этмаяпти. Қишлоқ хўжалиги учун хавотирли вазиятлар кузатилиши мумкин.

Мева-сабзавот экспортчиларига имтиёзлар берилди

Президент қарорига кўра, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи ва қадоқлаб реализация қиладиган тадбиркорларга 2028 йил 1 январгача солиқ имтиёзлари берилади.

Фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланади. Бу имтиёздан фойдаланиш учун иш ҳақи энг кам миқдорнинг камида икки баравари бўлиши ва тушумнинг ярми замонавий қадоқланган маҳсулотлардан тушиши шарт.

2025 йилда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 3,5 млрд долларга етказиш, 8 та давлатда янги рухсатнома олиш ва 2,1 млн тонна маҳсулот учун қадоқ лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, 2027 йил 1 апрелгача дуккакли маҳсулотлар учун ускуналар импортида 1 фоизлик божхона ставкасидан фойдаланиш мумкин бўлади.

Мавзуга оид