Ўзбекистон | 07:37 / 10.04.2025
1803
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда Парламентлараро иттифоқнинг юбилей ассамблеясида 140 давлатдан 2000 га яқин делегат қатнашди

Жорий йилнинг 9 апрел куни Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси ўз ишини якунлади.

Фото: Senat.uz

Тошкентда деярли бир ҳафта давом этган нуфузли халқаро анжуман парламентлараро мулоқотни, ўзаро ҳамкорлик ва тинчликни мустаҳкамлаш йўлида турли мамлакатлар парламент аъзоларини бирлаштиргани билан ёдда қолади.

Ушбу тарихий ассамблея Ўзбекистон парламенти мезбонлигида муваффақиятли ўтказилди ва унда 140 давлатдан 2000 га яқин делегат, шу жумладан 740 нафар парламент аъзоси, шунингдек 50 дан ортиқ халқаро ва кузатувчи ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда 100 дан ортиқ парламент спикерлари ва спикер ўринбосарлари иштирок этгани геосиёсий қарама-қаршиликлар кучайган бир пайтда парламент дипломатияси анъанавий халқаро муносабатларда муҳим ўрин тутишини кўрсатди.

Парламентларнинг аёл аъзолари ассамблея иштирокчиларининг 37 фоизидан ортиғини ташкил этди. Бу 2022 йилдан бери Парламентлараро иттифоқ ассамблеясида аёллар иштирокининг энг юқори кўрсаткичидир.

Ассамблея доирасида 70 га яқин турли тадбирлар ўтказилиб, уларда гендер тенглик, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фуқаролар саломатлигини сақлаш, экология ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ассамблеянинг махсус ялпи мажлисидаги нутқида илгари сурилган муҳим ташаббуслар Парламентлараро иттифоқ аъзолари томонидан  юқори баҳоланди.

Давлат раҳбари Украина атрофидаги вазият бўйича бошланган музокаралар жараёни ижобий натижа беришига умид билдирди ҳамда Фаластин-Исроил низосини ҳал этишнинг ягона ва адолатли йўли “икки халқ учун икки давлат” тамойилини амалга ошириш эканини таъкидлади. Афғонистоннинг халқаро майдонда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик муҳимлиги қайд этилди. Парламентларнинг Илғор ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва «яшил» технологияларга ўтишни рағбатлантириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш этикаси бўйича намунавий қонун ишлаб чиқиш, камбағалликдан чиқиш йўлларини излаш бўйича муҳим вазифалари таъкидлаб ўтилди.

Ассамблеянинг якуний ялпи мажлисида Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси президенти, Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, барча иштирокчиларга чуқур миннатдорлик билдирди. У ўз нутқида мазкур анжуман нафақат тарихий санани нишонлаш билан аҳамиятли бўлганини, балки парламентлараро ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб берганини қайд этди.

Якуний ялпи мажлисда Парламентлараро иттифоқнинг президенти Тулия Эксон ва бош котиби Мартин Чунгонг ҳам сўзга чиқиб, ассамблея дунё парламентларини бир юз эллигинчи марта бир жойда тўплаган тарихий воқеа сифатида ўзининг аҳамиятини намоён этганини, Ўзбекистон томонидан барча зарур шарт-шароитлар яратилганини ва ташкилий ишлар юқори даражада амалга оширилганини алоҳида эътироф этди.

Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси якунида Глобал парламент ҳамжамияти ижтимоий тараққиёт ва адолат йўлида парламент ҳаракатларига бағишланган муҳим ҳужжат – Тошкент декларацияси қабул қилинди. Унда ижтимоий тараққиёт борасидаги саъй-ҳаракатларни янгилаб боришга қаратилган ишлар, мавжуд ва юзага келаётган масалаларга биргаликда ечим топиш зарурияти таъкидланган. Мазкур декларацияда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясидаги нутқида илгари сурган ташаббуслар қамраб олинган.

Шунингдек, ассамблеяда иккита муҳим резолюция қабул қилинди: “Фаластинда икки давлатли ечимни илгари суришда парламентларнинг роли” ва “Барқарор ривожланишга қарши қуролли можаролар таъсирини юмшатиш бўйича парламент стратегиялари”.

Парламентлараро иттифоқнинг ассамблеяси Ўзбекистоннинг дунё парламентаризмидаги етакчилигини намоён этди, Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясининг Тошкент декларацияси эса глобал ижтимоий тараққиёт вa адолат учун “йўл харитаси” бўлиб хизмат қилади.

57XG7Z4f5g38ev7JFOEnr1UAkYZ4Ep.jpg
DAi8DicqqxqtNCZX2WDRHXWjiO95kU.jpg
VJStjd32FLUsk1yugTleIw8f8qGyg4.jpg
tiXGKQAjOuemsoA3tdjp2dQCoqce70.jpg
TJi0jOcERXzTSNxyby73pMhRmvoRxM.jpg
pBU8D7ij0lbQyTqFHsmb1gQyuZXxWQ.jpg
usgAI26lDFHuR2ZDRDiZ1yg7BtfQlH.jpg
GH9ztkeaAivdLhgWI5z1f0puGOvezw.jpg
d95mSL9q1gEIDbz4YhlJ9OrNMKoB7s.jpg

Мавзуга оид