Жаҳон | 00:52 / 10.04.2025
3948
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Россия хитойликларни урушга TikTok орқали ёллаётганини маълум қилди

Украина президенти камида 155 нафар Хитой фуқароси Россия армияси сафида туриб жанг қилаётганини айтди. 

Фото: Униан

Украина расмийлари Россия томонида туриб жанг қилаётган камида 155 нафар хитойлик тўғрисида маълумотга эга. Бу ҳақда президент Володимир Зеленский маълум қилди.

«Хитой масаласи — жиддий. 155 кишининг фамилияси, паспорт маълумотлари бор — 155 нафар Хитой фуқароси Украина ҳудудида украинларга қарши жанг қилмоқда. Биз маълумот тўплаяпмиз, уларнинг сони аслида анча кўп деб ҳисоблаяпмиз», — дея Зеленскийнинг сўзларини келтиради «Униан» нашри.

Президентнинг айтишича, Россия хитойликларни ўз армиясига ёлламоқда. «Схемалардан бири — руслар реклама роликларини тарқатаётган ижтимоий тармоқлар, хусусан, TikTok ва Хитойнинг бошқа тармоқлари. Расмий Пекин бундан бехабар. Россияликлар Хитой ижтимоий тармоқлари орқали реклама роликларини тарқатмоқда. Яширин бўлмаган ёллаш — бу муҳим. Балки, яширини ҳам бордир», — дея таъкидлайди Зеленский.

Украина президентининг сўзларига кўра, урушга ёлланган хитойликлар Москвага келади, уч-тўрт кун тиббий текширувлардан ўтади, шундан кейин улар бир-икки ойга ўқув марказларига юборилади.

«Улар Украина ҳудудида жанг қилмоқда. Миграция карточкаларини, шунингдек, пуллар келиб тушаётган «Мир» тўлов тизими карточкаларини оляти», — дейди Зеленский.

Володимир Зеленский 8 апрел куни Украина Қуролли кучлари Донецк областида Россия армияси сафида туриб жанг қилган икки нафар Хитой фуқаросини асирга олганини маълум қилди. Хитой ТИВ ўз фуқароларини доим жанговар можароларда иштирок этишдан «узоқроқ туришга» чақиришини билдирди.

«Луганск» тезкор-тактик гуруҳи ҳарбийларининг айтишича, асирга олинган хитойликлардан бири Россия армияси сафига қўшилиш учун воситачига 300 минг доллар тўлаганини маълум қилган. Асирнинг сўзларига кўра, у ҳарбий хизматчи бўлишни ва Россия фуқаролигини олишни хоҳлаган.

Мавзуга оид