Ўзбекистон | 11:27 / 11.04.2025
16027
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта охирида айрим жойларда ёмғир ёғиши кутилмоқда

Шанба куни Ўзбекистоннинг катта қисмида қуруқ об-ҳаво сақланиб туради.

Фото: Kun.uz

Дам олиш кунлари Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ёғингарчилик кузатилади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Жума ва шанба кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудлари – Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Навоий вилояти чўл ҳудудларида 12 апрел куни ёмғир ёғади ва момақалдироқ кузатилади.

13 апрел, якшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ҳамда Навоий вилоятларида кечаси ва куннинг биринчи ярмида баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида фақат кечки пайтда баъзи жойларда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғирлар кузатилади. Сурхондарё вилоятида ва Фарғона водийсида ёғингарчилик кутилмайди.

Ушбу кунларда кўпчилик вилоятларда жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради, ҳаво ҳарорати +27…+32 даража атрофида, баъзи жойларда +34 даражагача, жанубда +36 даражагача бўлади. Фақат республиканинг шимолида 12 апрелда ҳаво ҳарорати +18…+23 даражагача пасаяди, аммо 13 апрелга келиб, ҳарорат яна кўтарила бошлайди.

Шамол 7–12 метр/сония тезликда эсади, айрим жойларда 13–18 метр/сониягача кучайиши мумкин. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 11–12 апрел кунлари ёғингарчилик кутилмайди, 13 апрелда баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади.

Тошкент шаҳрида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат 13 апрел куни кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол шарқдан бироздан ўртача тезликкача эсади. Ҳарорат асосан кечалари +14…+19 даража, кундуз кунлари +27…+32 даража бўлади.

Мавзуга оид