Жаҳон | 17:29 / 11.04.2025
2429
2 дақиқада ўқилади

Си Жинпинг ЕИни АҚШ божларига қарши курашда Хитой билан бирлашишга чақирди

ХХР етакчиси халқаро қоидалар ва тартибни сақлаш учун бир томонлама таҳдидларга қарши биргаликда курашиш зарурлигини таъкидлади.

Фото: rednet

Хитой Европа Иттифоқини кўп қутбли дунёдаги муҳим сиёсий ва иқтисодий куч сифатида кўради ҳамда ҳамкорликка умид қилади. Бу ҳақда ХХР етакчиси Си Жинпинг Пекинда Испания бош вазири Педро Санчес билан ўтказилган учрашувда маълум қилди.

«Хитой ва Европа Иттифоқи ўзларининг халқаро мажбуриятларини бажариши, иқтисодий глобаллашув тенденциясини биргаликда ҳимоя қилиши ва халқаро савдо муҳитини асраши лозим. Нафақат ўзининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини, балки халқаро адолат ва холисликни ҳимоя қилиш ҳамда халқаро қоидалар ва тартибни сақлаш учун ҳам бир томонлама таҳдидларга қарши биргаликда курашиш зарур», — деди Си Жинпинг.

Хитой етакчисининг таъкидлашича, ХХР Евроиттифоқнинг бирдамлиги, ривожланиши ва ўсишини очиқ қўллаб-қувватлайди. Пекин ҳар икки томон ҳамда халқаро ҳамжамиятга фойда келтириш мақсадида Хитой ва ЕИ ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга тайёр. Унинг фикрича, бу узоқ муддатли истиқболда ҳар икки томон манфаатларига ижобий таъсир кўрсатади, айниқса, суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилиш масалаларида.

2024 йилда Хитойнинг ЕИ билан савдо айланмаси 785,82 миллиард долларни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич ХХРнинг АҚШ билан савдо айланмасидан юқори — ўтган йили бу 688,28 миллиард долларга етган.

10 апрелдан бошлаб Американинг Хитой товарларига нисбатан божлари 145 фоизга қадар кўтарилди. ХХРнинг АҚШ импортига қарши тарифлари 104 фоизни ташкил этмоқда.

Мавзуга оид