Жаҳон | 08:09 / 12.04.2025
2580
3 дақиқада ўқилади

Украина 2024 йилда 9 млрд долларлик қурол-яроғ ишлаб чиқарди

Украина 2024 йилда қурол ишлаб чиқариш ҳажмини уч баробар оширди. Хусусан, ракета ишлаб чиқариш 2023 йилга нисбатан саккиз баробарга кўпайди. Мамлакат мудофаа саноати Қуролли кучлар эҳтиёжининг тахминан 40 фоизини қопламоқда.

Фото: The Economist

Бу ҳақда Украина стратегик саноат тармоқлари вазири Герман Сметанин 2024 йилдаги мудофаа саноати фаолиятига бағишланган анжуманда маълум қилди, деб ёзмоқда РБК-Украина.

«2022 йилда биз 1 млрд долларлик қурол-яроғ ишлаб чиқарган эдик, 2023 йилда бу кўрсаткич 3 баробар ошди ва 3 млрд долларга етди. 2024 йилда яна 3 баробар ўсиб, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 9 млрд долларни ташкил этди», — деди Сметанин.

Унинг сўзларига кўра, Украина мудофаа саноати 2024 йилда потенциал жиҳатдан 20 млрд долларлик қурол ишлаб чиқариш имконига эга бўлган.

Сметаниннинг таъкидлашича, 2025 йилда бу кўрсаткич 35 млрд долларга етиши мумкин.

«Ўтган йили қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг 52 фоизини хусусий компаниялар ишлаб чиқарди», — деди у.

Сметанин 2024 йилда Украина янги қанотли ракеталар ва ракета-дронлар: «Паляниця», «Пекло», «Рута» ва «Барс»ни ишлаб чиқара бошлаганини эслатиб ўтди.

«Олдинги йили бизнинг ягона қанотли ракетамиз — «Нептун» эди. 2023 йилга нисбатан ишлаб чиқариш 8 баробар кўпайди», — деди у.

2023 йилга нисбатан Украина артиллерия ва миномёт ўқ-дориларини 2,4 баробар кўпроқ ишлаб чиқарган.

«Бизда «Богдана» ўзиюрар артиллерия қурилмасининг янги версияси — тиркамали «Богдана» пайдо бўлди», — деди вазир. Унинг сўзларига кўра, ЎАҚ ишлаб чиқариш 3 баробарга ошган.

Сметанин зирҳли техникалар ишлаб чиқариш қувватлари 50 фоизга тўлдирилганини қайд этди.

2024 йилда ишлаб чиқаришдаги асосий йўналишлардан бири — ерда ҳаракатланувчи роботлаштирилган ҳарбий мажмуалар бўлади.

Украина президентининг стратегик масалалар бўйича маслаҳатчиси Олександр Камишиннинг таъкидлашича, ҳозирги кунда мудофаа саноати Қуролли кучлар эҳтиёжининг 30–40 фоизини қопламоқда.

«Турли баҳолашларга кўра, айни кунларда фронтда ишлатилаётган қуролларнинг 30–40 фоизи Украинада ишлаб чиқарилган», — деди у.

Мавзуга оид