Спорт | 03:04 / 17.04.2025
29475
8 дақиқада ўқилади

Ремонтада бўлмади. «Арсенал» «Реал»ни тождан маҳрум этди

Идеал футбол Лондон клубига ЕЧЛ яримфинали сари йўлни очди.

Фото: Getty Imagеs

Чемпионлар лигаси, чоракфинал. Жавоб ўйини
«Реал» – «Арсенал» 1:2

Голлар: Винисиус (67) – Сака (65), Мартинелли (90+3)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Сака (13)
«Реал»: Куртуа, Васкес (Эндрик, 61), Асенсио (Модрич, 73), Рюдигер, Алаба (Гарсия, 61), Валверде, Чуамени, Родриго (Себалйос, 61), Беллингҳем, Винисиус, Мбаппе (Диас, 75)
«Арсенал»: Райя, Тимбер (Уайт, 90+4), Салиба, Кивёр, Люис-Скелли, Эдегор, Парти, Райс (Зинченко, 90+4), Сака (Троссар, 77), Мерино, Мартинелли (Тирни, 90+4)
Огоҳлантиришлар: Алаба (4), Асенсио (11), Рюдигер (85) — Рая (36), Парти (85)
Биринчи ўйин: 3:0

«Қироллик клуби»нинг узоқ тарихида шонли саҳифалар кўп. Жумладан, «Реал» Карло Анчелотти бошқарувида бўлган сўнгги йилларда ҳам бу жамоа Чемпионлар лигасида «имконсиз вазият» иборасини луғатидан ўчириб ташлаганди. Аммо қаймоқранглилар асосий еврокубок плей-оффида биринчи учрашувдаги йирик мағлубиятдан кейин жавоб учрашувида вазиятни ўнглаб, кейинги босқичга ўтиши — турнир номи ҳали Чемпионлар кубоги деб аталган 1975 йилда кузатилганди, ўшанда «Дерби Каунти» майдонидаги 1:4 ҳисобидаги мағлубиятга мадридликлар қўшимча бўлимлардаги гол эвазига 5:1 ҳисобидаги ғалаба билан жавоб қайтарганди.

Бу қанчалик олисда бўлганини аниқроқ тушуниш учун бир неча факт келтириш етарли. Мадрид учун сеҳрли бўлган ўша оқшомда «галактикос»нинг бўлажак мураббийи ва ЕЧЛнинг икки карра триумфатори Висенте дел Боске майдонда ўйнаган, Сантяго Бернабеу эса ҳали президентлик лавозимида эди.

Тўғри, «Реал» йирик ҳисобда ютқазишининг ўзи кўп кузатиладиган ҳодиса эмас. Чоршанба оқшомига  қадар еврокубоклар плей-офф босқичларида бундай ҳолатлар жами тўрт марта кузатилган. Шундан учтаси эса фиаско билан якунланган. 1964/65 йиллар мавсумида «Бенфика»га қарши сафарда 1:5 ҳисобида мағлуб бўлган жамоа Мадридда 2:1 ҳисоби билан кифояланган. 1986/87 йиллар мавсумида — «Бавария»га биринчи ўйинни 1:4 ҳисобида бой бергач, жавоб ўйинида биргина гол урилган (1:0). 12 йил муқаддам — Дортмунднинг «Боруссия» клуби билан қарама-қаршиликда ҳам вазиятни ўнглашнинг имкони бўлмаган (1:4, 2:0). Нима бўлганда ҳам мўъжизалар кўп бўлмайди, ҳатто гап «қулоқли кубок»нинг ўн беш карра ғолиби ҳақида кетса ҳам.

Аммо «Реал» бўлмаса, яна кимдан мўъжиза кутиш мумкин? Қолаверса, бир кун олдин камтарона «Боруссия» ва «Астон Вилла» кўрсатган ўйинлар ҳам ушбу жамоага илҳом бағишлаши керак эди. Ва ўз севимли клубини «Орзулар фабрикаси» деб атайдиган мухлислар орзуларини яна бир бор рўёбга чиқаришни сўраб туришарди. Аммо, биринчи бўлимда майдонда рўй берган воқеаларга қаралса, фанатларнинг улкан баннери фақат Куртуани илҳомлантирган. Райс тўпни бурчак зарбасидан айлантириб дарвозага йўналтирганида дарвозабон бунга тайёр экани маълум бўлди. Лекин ўйинга VAR аралашди ва жарима майдони ичида Раул Асенсио Меринони тортиб йиқитгани маълум бўлди.

Ўйин стартидаги пеналти — қарама-қаршилик тақдирини ҳал қилган бўларди. Аммо Сака паненка зарбаси беришда хато қилди. Тўп марказга эмас, Куртуа ҳаракатланган томонга йўналди. Белгиялик дарвозабонга бу зарба қийинчилик туғдирмади ва у Икер Касилясга тегишли бўлган клуб рекордини такрорлади, уларнинг иккиси ҳам ЕЧЛ ўйинида уч мартадан пеналти қайтарган. Воқеаларнинг бундай ривожи жамоани руҳлантириб юбориши керак эди.

Кейинги дақиқаларда «Реал» чиндан ҳам «Арсенал»ни жарима майдонига қамаб қўйди. Винисиус Жуниор ва Мбаппе олдинги ўйиндагига қараганда жонлироқ ва голга ташна экани кўриниб турарди. Ҳиссиётлар қайнади, ҳар бир стандарт вазиятдан кейин кимдир газонга йиқиларди. Охир-оқибат бош ҳакам Летексенинг сабри тугади ва энди «канонирлар» дарвозасига 11 метрлик жарима зарбаси белгилади. У Райс жарима майдони ичида Мбаппени йиқитган деб топди. Бу вазиятга ҳам VAR аралашди ва узоқ текширувдан кейин Килианда офсайд ҳолати қайд этилди ва ҳакам қарорини бекор қилди.

 

Етти дақиқа чўзилган текширув «Арсенал» фойдасига хизмат қилди ва меҳмонлар ўйин темпини туширишди. Ўтган ҳафтада Лондондаги биринчи ўйинни намунали тарзда ўтказган Микел Артета шогирдлари бўлим давомида «Реал»нинг юлдузли ҳужум чизиғига бирорта зарбаси дарвоза соҳасига тўғри боришига йўл қўймади (0,11 xG).

Танаффусда Анчелотти ҳам, Артета ҳам ўйинчи алмаштирмади, «Арсенал» ўйинни назорат қилишда давом этди. «Канонирлар» ўрта блокда яхши ҳимояланди, тўпга эгалик қилиш ҳисобига «вақт ўлдирди». «Реал» футболчилари тезлиги инглизлар учун муаммо туғдирмади. Винисиус ва Мбаппе иккига икки кўринишида қарши ҳужумга қочиб кетишга имкон топган бўлса-да, уларнинг ўзи яққол голли вазиятни барбод қилишди. Бразилиялик вингер «қаймоқранглилар»нинг дарвоза соҳаси томон борган илк зарбасига муаллифлик қилди, аммо бу Райяга ортиқча қийинчилик туғдирмади. Майдондаги футболчилар бирор нарсани ўзгартира олишига кўзи етмаган Анчелотти ўйиннинг бир соати ортда қолганида учталик алмаштириш қилиб, Эндрикни ҳужумга ташлади.

Иккинчи бўлим ўрталарига келиб, «Реал»га футболчилар даражаси етарли эмаслиги, фақат мўъжиза талаб этилиши равшан бўлди. «Арсенал» дарвозабондан бошланган позицион ҳужумда ҳисобни очди. Сака комбинацияни Эдегор ва Мерино иштирокида ривожлантириб, ўзи испанияликнинг ҳимоячилар орасидан ўтказган пасига очилди. Бу вазиятда Букайо офсайд тузоғига тушмади, алмаштиришлардан кейин марказдан ўнг қанот ҳимоячиси позициясига ўтган Валверде орқароқда қолиб кетганди. Бу сафар Сака тўпга идеал зарба берди ва уни барибир дарвозабон устидан ошириб ташлади.

Шу билан бирга, «Реал» дарҳол ҳисобни тенглаштирди – меҳмонлар урилган голни нишонлашни якунлаб улгурмаганди. Шунга қадар бехато ҳаракат қилиб келган марказий ҳимоячи Салиба диққатини йўқотди ва ортидан келган Винисиусни кўрмай қолди ва тўпни олдирди. Бразилиялик футболчи бўш дарвозани ишғол этди, бу мадридликларнинг ушбу жамоа билан қарама-қаршиликлар тарихидаги илк голи бўлди.

Лекин бу ўйин мантиғидан келиб чиқмаган тасодифий гол эди ва «Реал» қурбондан йиртқичга айлана олмади. Қолаверса, Мбаппе Райсдан тўпни олиб қўйишга уринганида жароҳат олиб, майдонни тарк этди ва мезбонларнинг ҳужумдаги имкониятлари пасайди. Анчелотти финал ҳуштаги чалинишидан анча олдинроқ бу сафар ремонтада бўлмаслиги фактини тан олиб бўлганди. Мадридликлар якунда дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича ҳам (3:6), xG бўйича ҳам (1,97 га қарши 1,54) ортда қолди. Қўшимча дақиқаларда олдинга ташланган «Реал» яна бир гол ўтказиб юборди – Мартинелли майдоннинг ярмини тўп билан босиб ўтди ва «канонирлар»га ғалаба келтирди.

Интер - Бавария 2:2
Голлар: Мартинес 58, Павар 61 - Кейн 52, Дайер 76
Интер: Зоммер - Бастони (Бисек 88), Ачерби, Павар - Димарко (Карлос Аугусто 73), Мхитарян, Чалханоглу, Барелла (Фраттези 88), Дармиан - Тюрам, Мартинес (Тареми 81)
Бавария: Урбиг - Станишич, Ким (Геррейро 65), Дайер, Лаймер (Коман 83), Горецка (Павлович 83), Киммих - Сане (Гнабри 65), Мюллер, Олисе - Кейн
Огоҳлантиришлар: Арнаутович 69 - Ким 28, Дайер 45+1

Мавзуга оид