Ўзбекистон | 02:22
5865
3 дақиқада ўқилади

«Сабаби коррупция билан боғлиқ» — соғлиқни сақлаш вазири яроқлилик муддати жуда қисқа дори-дармонлар сотиб олинаётгани ҳақида

Қонунчилик палатасидаги йиғилишда ССВ раҳбаридан нима учун поликлиникалар яроқлилик муддати жуда қисқа дориларни сотиб олаётгани бўйича изоҳ сўралди. Вазир Асилбек Худоёров фирмалар сота олмаган дориларини пора эвазига ўтказиш ҳолатлари учраб туришини таъкидлаб, «бундай схема жуда яхши маълум» эканини билдирди.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Ҳукумат соати»да соғлиқни сақлаш соҳасидаги молиявий шаффофлик ва самарадорлик масалалари муҳокама қилинди

Йиғилиш «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси ташаббуси билан ташкил этилди. Партия вакили Зуҳриддин Мавлонов йиғилиш давомида давлат бюджети маблағларининг самарасиз сарфланаётганини айтди. У соҳага ажратилаётган маблағларнинг йўналтирилишида жиддий шубҳали ҳолатлар борлигини таъкидлаб, соғлиқни сақлаш вазирига танқидий савол йўллади. 

Мавлоновнинг қайд этишича, республиканинг деярли барча вилоятларида, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасидаги тиббиёт муассасаларида зарур дори-дармонлар, тиббиёт анжомлари билан таъминланганлик ҳолати ўрганилган. Ўрганишлар давомида айрим тиббиёт муассасаларида яроқлилик муддати жуда қисқа бўлган дори-дармонлар сотиб олингани, айрим ҳолатда эса кафолатланган пакетга кирувчи дорилар харид қилинмагани аниқланган. 

«Масалан, Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги 34-сонли оилавий поликлиникада кафолатланган пакетга кирувчи 27 турдаги дори-дармондан атиги 15 таси харид қилинган, улардан тўрттасининг яроқлилик муддати ҳисобга олинадиган бўлса, улар эҳтиёждан ортиқча. Бу ерда бюджет маблағлари самарасиз сарфланаётгани кўринади. Ушбу масалани биз фракция йиғилишларида ҳам бир неча бор муҳокама қилганмиз», — дейди депутат.

Зуҳриддин Мавлонов соғлиқни сақлаш вазир Асилбек Худоёровдан бюджет маблағлари самарасиз сарфланаётгани юзасидан қандай изоҳ беришини сўради. Вазир тизимда муаммолар борлигини инкор этмади ва уларни бартараф этиш бўйича амалий чоралар кўрилаётганини билдирди.

Асилбек Худоёровнинг сўзларига кўра, яроқлилик муддати учта тоифага берилган — 70, 50 ва 30 фоиз. Прокуратура билан биргаликда харид жараёни назорат қилинади.

«Бунинг келиб чиқиш сабаби — коррупция билан боғлиқ, албатта. Кўплаб фирмалар ўзи дорилари сота олмаганидан кейин бориб гаплашади, маълум бир пора эвазига дорисини ўтказиш ҳолати бор. Бу [дорилар] беморга етиб бормайди. Бу фақат «списание» бўлади, ўша ерда йўқ қилинади. Бундай схема жуда яхши маълум ва бунга қарши биз қаттиқ курашяпмиз», — дея таъкидлади ССВ раҳбари.

Шунингдек, у кафолатланган суғурта тизими жорий қилинган ҳудудларда кафолатланган пакет жорий этилаётгани ҳақида ҳам гапирди.

«Биз ҳозир тасдиқлаш жараёнидамиз… Кафолатланган пакет ҳақиқий кафолатлангани бўлгани учун бутун ривожланган давлатларни ҳисоблаганимизда, жуда кўп касалликларга кафолат берилмас экан. Биз тўққизта йўналишда энг кўп учрайдиган касалликларни олдик. Мана шуларга мос равишда ишлатиладиган амбулатор хизматдаги аниқ оилавий поликлиникада нечта дори бўлиши керак. Буни эълон қиламиз, керак бўлса, поликлиникага осиб қўйиб, фуқаролар даъво қилишига шароит яратиб берамиз», — дейди вазир.

Мавзуга оид