Жаҳон | 20:06 / 30.04.2025
2969
2 дақиқада ўқилади

Россия ва КХДР ўртасида автомобил кўпригини қуриш бошланди

Бир ярим йил давомида қурилиши режалаштирилаётган кўприк икки мамлакат ўртасида автомобил қатновларини йўлга қўйиш имконини беради.

Фото: Видеодан кадр

Россия бош вазири Михаил Мишустин ва Шимолий Корея Вазирлар Маҳкамаси раиси Пак Тхэ Сон 30 апрел куни масофадан туриб, Туманная дарёси устидан ўтадиган Россия—КХДР автомобил кўприги қурилишига старт берди.

«Бу Россия—Корея муносабатлари учун ҳақиқатда янги муҳим босқич. Унинг [кўприкнинг] аҳамияти фақатгина муҳандислик вазифалари билан чекланиб қолмайди», — дейди Мишустин.

Бир ярим йил давомида қурилиши режалаштирилаётган кўприк икки мамлакат ўртасида автомобил қатновларини йўлга қўйиш имконини беради. Ҳозирда РФ ва Шимолий Корея ўртасида фақат темирйўл ҳамда авиақатновлар амалга оширилади.

Кўприкни қуриш бўйича битим 2024 йил июнда, РФ президенти Владимир Путиннинг КХДРга ташрифи доирасида тузилган эди.

Ўтиш йўлининг умумий узунлиги 4,7 километрни ташкил этиб, унинг 1 километри — бевосита кўприкнинг ўзи бўлади (Россия томонидан 424 метр, Шимолий Корея томонидан эса 581 метр), кўприк эни — 7 метр (икки полосали).

Транспорт вазирлигининг маълум қилишича, кўприкнинг Россия томонидаги назорат пункти «кунига 300 та машина ва 2850 кишига хизмат кўрсата олади — уни ошириш имконияти ҳам мавжуд».

Россия ва КХДР 2024 йил июн ойида кенг кўламли стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани имзолаган. Ушбу ҳужжат Украинага қарши урушга Шимолий Корея аскарларни жалб этишга асос бўлиб хизмат қилади.

Мавзуга оид