Жаҳон | 14:16 / 07.05.2025
4273
2 дақиқада ўқилади

Россия "Райффайзенбанк"дан деярли 2 млрд еврони мусодара қилди

Россия Федерацияси Марказий банки Raiffeisen Bank International'нинг Россиядаги шуъба корхонаси ҳисобварағидан рубль эквивалентидаги 1,87 миллиард еврога яқин маблағни мажбуран мусодара қилди ва миллиардер Олег Дерипаска билан боғлиқ «Распериа» компаниясининг ҳисоб рақамига ўтказди.

Фото: Иван Водопьянов / Коммерсантъ

Россия Марказий банки Австриянинг Raiffeisen Bank International AG банк гуруҳининг Россиядаги шуъбаси "Райффайзенбанк" ҳисобварағидан рубль эквивалентидаги тахминан 1,87 миллиард еврони мажбуран мусодара қилди ва бу суммани "Распериа" компанияси ҳисобига ўтказди. Бу ҳақда Raiffeisen Bank International AG'нинг 6 май, сешанба куни чоп этилган пресс-релизида айтилган.

Маблағлар Россия судининг Raiffeisen Bank International AG'нинг Россиядаги шуъба корхонасига россиялик миллиардер Олег Дерипаска билан боғлиқ бўлган "Распериа" компаниясига товон тўлаш мажбуриятини юклаганидан кейин мусодара қилинган. "Райффайзенбанк"дан мусодара этилган сумма суд томонидан аниқланган зарарга тенг. Австрия банк гуруҳининг таъкидлашича, "Распериа" ушбу фоизларни «исталган вақтда» мажбурий ундиришни талаб қилиши мумкин.

Raiffeisen Bank International AG аввалроқ суд қарори туфайли қўшимча молиявий йўқотишларни кутмаётганини таъкидлаган эди. 2024 йилнинг тўртинчи чорагида банк эҳтимолий йўқотишлар учун 840 миллион евро ажратган. Raiffeisen Bank International, хабар қилинганидек, маблағнинг қолган қисмини деярли 6 миллиард евро капиталга эга бўлган Россиядаги шуъба корхонасининг активларини сотиш орқали қоплаш ниятида.

Мавзуга оид